Жомбойда V-VIII асрларга оид қадимий шаҳар аниқланди
Жомбой туманида 200 дан ортиқ археологик ва архитектура ёдгорликлари аниқланган бўлиб, улар даврийлик жиҳатидан турли асрларга тегишли. Яқинда туманнинг Қорамўйин маҳалласи шимоли-ғарбий чеккасида V асрдан VIII аср ўрталаригача одамлар яшаган Кабудан шаҳри аниқланди.
Қадимда шаҳарда майда тепаликлар кўп бўлгани учун халқ тилида Мингтепа номи билан аталган. Ёдгорликда ҳозирги кунда 60 га яқин тепалик сақланиб қолган.
- Кабудан шаҳри ҳақидаги маълумотлар фақат қадимги Хитой манбаларида учрайди, - дейди Германиядаги Берлин-Бранденбург фанлар академияси катта илмий ходими, Самарқанд давлат университети тарих факультети археология бўлими доценти Алишер Бегматов. – Қазишма ишлари давомида Мингтепа ёдгорлиги Сўғдни ташкил қилган қадимий шаҳарлардан бири Кабудан эканлиги аниқланди. Кабудан шимолдан Чоч, Уструшана (сўғдча) ва Жиззах томондан Сўғд (Самарқанд)га кирганда биринчи шаҳар ҳисобланади. Шаҳар арк, шаҳристон ва унинг ташқари қисми (работ)дан ташкил топган. Ёдгорликни Самарқанд археология институти, Берлин-Бранденбург фанлар академияси ва Япониянинг Киота санъат университети билан ҳамкорликда тўрт йилдан буён ўрганяпмиз. Ўтган давр мобайнида археолог олимлар билан ҳамкорликда шаҳар V асрда ташкил топгани ва VIII аср ўрталарига келиб харобага айлангани аниқланди.
Маълумотларга кўра, Мингтепа араблар истилоси туфайли VIII аср бошларида вайрон қилинади ва VIII асрнинг иккинчи чорагида шаҳарнинг барча ҳудудларида ҳаёт тўхтайди. Бу ердан топилган сопол идишлар, тангалар ва турли буюмлардан кўриш мумкинки, XI асрда, яъни қорахонийлар даврида Кабудан шаҳрида яна ҳаёт бошланади.
- Мингтепа ёдгорлигининг шаҳар қисми 40 гектар бўлиб, қишлоқ округлари билан ҳисоблаганда ҳудуд 400 гектарни ташкил этади, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти кичик илмий ходими, археолог Ҳусниддин Раҳмонов. - Ёдгорлик ўртасидан шарқ-ғарб йўналишида йўл ўтган бўлиб, шарқий дарвозадан кириб боришда йўлнинг ўнг томонида шаҳристон, чап томонида арк жойлашган. Аркнинг баландлиги тахминан 12 метрни ташкил этади. Шаҳристон ташқи мудофаа девори билан ўралган бўлиб, деворнинг ҳар иккала томонидан 90х40, 50х40, 25х25 метрли қўриқчи миноралар ва қишлоқ маконлари жойлашган. Шаҳристоннинг шимолий қисмида 200 метр узунликда унга қўшимча кучайтирилган мудофаа девори ва ундан кейин шаҳристон мудофаа девори қурилган. Шаҳар шимолдан оқиб ўтган Булунғур ариғидан сув олган.
2023 йилда шаҳристоннинг ғарбий қисмида зодагонларнинг икки қаватли хоналари ўрни очиб ўрганилди. Хоналарнинг эни 2,5 метрдан 3 метргача, узунлиги 6-10 метр бўлиб, баландлиги 3-5 метрни ташкил этади. 7-хонада эни 1,20 сантиметр, узунлиги 3,70 сантиметр, қалинлиги 10 сантиметр бўлган супа аниқланди. Биринчи қават деворлари пахсадан қурилган, унинг усти сомонли лой билан сувалган. 7-8-хоналар бир-бири билан боғлиқ. Бу хоналарнинг иккинчи қаватини 8-хонанинг чиқиш эшиги қисмида иккита, ўлчами 25-30 сантиметрли катта устунлар, деворнинг иккала бурчагига ўрнатилган. Ушбу устунлар ўз навбатида иккинчи қават ёғоч полларини ушлаб туришда ёрдам берган.
Иккинчи қават девори 50х25х8-10 сантиметр ўлчамдаги ғиштлар билан ичкарига тортилиб, арка қилиб, том усти ёпилган. Ўрта Осиёда V-VIII асрларда томни аркасимон қилиб ёпиш кенг тарқалган. Хоналардан топилган кулоллик намуналари VII-VIII асрнинг биринчи ярми билан даврланади. Қазишмалар давомида кундалик турмуш тарзи, савдо-сотиқ ишларида ишлатилган Сўғд шоҳи Тургар томонидан зарб қилинган бир қанча тангалар аниқланди. Шунингдек, ўчоқбоши қозон, декча, қумғон, коса, кўза, пиёла, финжон, ликоп, ликопча, товоқ, катта ҳажмдаги хум, хумча, хурмача, сув кўза ва бошқа турдаги кулоллик идишлари топилди.
Мингтепа ёдгорлигида тадқиқот олиб боришдан асосий мақсад V-VIII асрлар даврини чуқурроқ ўрганиш, илк Ўрта асрлар даври кулоллик ҳунармандчилиги, қурилиш маданияти, санъати, Марказий Сўғдда тутган ўрнини аниқлаш, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Кабуданнинг арк қисмида шаҳар ҳукмдори, шаҳристонда зодагонлар, шаҳар ташқарисида оддий аҳоли яшаган. Шаҳарнинг учала қисми ҳам мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган бўлиб, ҳудудда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, меъморчилик ва шаҳарсозлик яхши ривожланган. Шаҳар турк хоқонлиги даврида, яъни VI-VIII асрларда гуллаб яшнаган ва турк-сўғд муносабатлари, ҳамкорлик, аслзодалар ўртасида савдо-сотиқ, маданий алоқалар ривожланган. Буни ёдгорликда олиб борилаётган қазишма ишлари давомида турк хоқонлигининг тангаларида ҳам кўриш мумкин. Ушбу топилмаларни ўз ҳолича сақлаб қолиш, тадқиқотларни давом эттириш ва келажак авлодга етказиш мақсадида ёдгорликни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш режалаштирилган.
Айни пайтда Мингтепа ёдгорлигида қазишма ишлари давом этмоқда. Аммо шунга қарамай, бу ерда яшаётган аҳоли ва тадбиркорлар томонидан ёдгорликка зарар етказилмоқда. Археологларнинг таъкидлашича, ёдгорлик аҳоли яшаш жойига яқинлиги, атрофда завод ва фермалар кўплиги боис турли чиқиндилар ташланиши, шунингдек, ҳудудда фуқаролар томонидан кўплаб қурилишлар ҳамда тупроқларнинг қазиб олиниши оқибатида ёдгорликка зарар етяпти ва кўринишининг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш юзасидан Маданий мерос агентлигига мурожаат қилинган. Аммо аксарият фуқаро ва тадбиркорларни тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти. Шу боис фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, уларни назорат қилишда вилоят маданий мерос бошқармаси масъуллари ҳамда маҳаллий ҳокимлик яқиндан ёрдам берса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат, видео).