Жомбойга лопороскопик видеотизим келтирилди
Мамлакатимизда тиббиётнинг ривожланиши фақат марказий шаҳарлар эмас, қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига ҳам замонавий, сифатли хизмат кўрсатиш имконини яратмоқда. Шу жиҳатдан Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасига Германиянинг "РЗ Медизинтечник" компаниясида ишлаб чиқарилган лопороскопик видеотизим қурилмаси олиб келинди.
Жарроҳлик амалиётларида қўлланиладиган жиҳознинг афзаллиги кўп. Жумладан, у орқали бемор териси энг кам миқдорда кесилади, натижада қон кетишининг олди олинади. Операция вақтида кутилмаган хавф эҳтимоли ҳамда муолажадан кейинги оғриқлар камаяди. Бемор соғайиши тезлашиб, ижтимоий ҳаётга қайтиши осонлашади.
– Бундан ташқари, муассасамизга "Ҳамилтон C" сунъий нафас бериш аппарати ҳам олиб келинди, – дейди бирлашма бош врачи Т.Холиқова. – Бу наркоз остидаги беморга намланган кислород етказиб бериши билан аҳамиятли. Яъни, нафас йўлига инфекция тушишининг ва муолажадан кейинги асоратлар олди олинади. Қолаверса, аппарат мониторида беморнинг гемодинамик ҳолати, пульси, нафас олиш даражаси, қон босими акс этиб туради.
Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.