ЖССТ: 85 децибелдан юқори давомли шовқин хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан шовқиннинг инсон ҳаётига зарарли таъсири бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари Буюк Британиянинг нуфузли “The Lancet” халқаро илмий журналида чоп этилди.

Унда қайд этилишича, 85 децибелдан юқори 8 соатлик давомли шовқин юрак-қон томир ва овқат ҳазм қилиш тизимлари хасталикларини келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, ушбу ҳолат бош мия ва эшитиш органлари ўртасидаги алоқани издан чиқариши эҳтимоли юқори. Оқибатда эшитиш қобилиятининг тўлиқ йўқолиши, қулоқда шовқин пайдо бўлиши билан боғлиқ патологиялар юзага келади.

ЖССТ таҳлилларига кўра, ҳозир Европада катта ёшли ҳар етти кишидан бири тиннитусдан азият чекмоқда.

🩺 Қолаверса, баланд товушлар уйқусизлик, стресс, асаб тизими муаммолари ва иммунитет заифлашишига олиб келиши мумкин. Бу эса сурункали касалликлар ривожланиш хавфини оширади.