Журинглар, қўрғон кетамиз!
Бахшилар байрами – кўнгилларни олиш байрами, инсоният босиб ўтган тарихга қувонч, адолат билан қайта назар солиш байрами бўлди. Сурхондарёнинг адоғсиз кенгликларида бор эзгу ниятларингни намоён қилмоқ ва ўтмишга ҳурмат билан боқмоқ байрами бўлди. Бахши боболарим достонларида куйланган халқ “Дўстлик” боғига кўчиб чиқди.
Бировлар қўшиқлару достони билан, бировлар эллик хил нони билан, бировлар номдор полвони билан, Самарқанд кўҳна ва янги Регистони билан, бировлар чеварлари тиккан палаклари билан, бировлар бахтга тўла фалаклари билан, бировлар оқу малла туялари билан, бировлар чопқир оту биялари билан келаверди, шоду хандон одамлар билан тўлаверди боғ.
Боғ деганлари ҳайҳотдай жой экан, кўкдан маҳлиё тикилган ой экан, тўлиб оққан сой экан, халқи жуда бой экан. Қирқ мамлакатнинг бахшилари, одам зотининг яхшилари, ўз элининг нақшилари қўлида сози билан, афсуну нози билан ташриф айлаган экан.
Анов жойда ўғир билан кели бор, манов ерда чархи билан куви бор, Ойбарчиндай қизию Алпомишдай ули бор. Чироқлари чароғон, на ўти бор, кули бор, ҳар одамнинг суянгани - эли бор. Ҳар бахшининг қулоч-қулоч тили бор.
Юртбошимнинг бир жонбахш қарори билан ухлаб ётган тарих ўйғонди, тепага илинган чориқ ўйғонди, камалакдек оқу қора, сориқ уйғонди. Одамизотни уйғотиш учун, энг гўзал туйғуларни тўлғотиш учун шундай азму қарорлар кераклиги аён бўлди. Ер юзига борлигимиз шоён бўлдики, шоир қалбдан тўкилгани – кичиккина баён бўлди.
Достонларда қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бергани шундай экан, Термизнинг иссиқлари кундай экан. Мен ҳам Эргаш Жуманбулбул юртига шеърпараст, ишқпараст дилларни, ифори хуш гулларни таклиф қилиб қолдим. Одамлар бахши бобомнинг тоғларини, боғларини ораласин, достонларини сараласин дедим:
Журинглар, Қўрғон кетамиз
Шоирини унутмаган жон элим,
Улуғларга, буюкларга кон элим,
Алпларини олавериб қора кун
Ҳасратлардан бағри зада, қон элим,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Оқтов билан Қоратовнинг ораси,
Ўзи тенги бахшиларнинг сараси,
Жуманбулбул ўғли кутар бизларни,
Асрлардан ўтиб тортган наъраси,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Тоғлар аро учиб борар товуши,
Донғи келар тилдан тилга овушиб,
Қўшработнинг қўш қанотли ўғлини
Қутлашайлик дўсту рақиб қовушиб.
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Жуманбулбул деса дунё билади,
Нолаларни ханжар каби тилади,
Айтувини тинглаб кўрса ҳар одам,
Тош бўлсаям тирилади, ўлади,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Фоний дунё барча қўлдан ўтади,
Ғам қурсин-а, барчамизга етади,
Зарнинг ғамин, зўрнинг ғамин чекмак бас,
Сўров келса барча бирдай кетади.
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Куйган қулман, гапни гапга улайман,
Жон юртимга мард бахшилар тилайман,
Ўзбегимни сўз-ла енгай деса ким,
Белим боғлаб Тилла кампир бўлай ман,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Пахта ўтар, буғдой ўтар, ер қолар,
Яхши-ёмон кунлар ўтар, шеър қолар,
Мингта бахши достон қилиб айтса ҳам,
Ўзбегимнинг дилида бо сир қолар,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Товларда чўлиқлар молин қўрийди,
Эркаклар юртининг ҳолин қўрийди,
Келмасин хиёнат, хавфу хатар деб,
Шоирлар элининг дилин қўрийди,
Туринглар, Қўрғон кетамиз,
Журинглар, Қўрғон кетамиз!
Хосият Бобомуродова.