Шерқўзи бахши: Фозил Йўлдош мактабини яратишга имкон бўлди
Булунғурликларнинг яхши кунлари, қизғин давралари, тўйлари Шерқўзи бахшининг термаларисиз ўтмайди. Туманнинг забардаст бахшиси Фозил Йўлдош ўғли издошларидан бири саналади. Бахши бугунги карантин даврида бекор ўтиргани йўқ. Фозил Йўлдош ўғлининг ижоди ва ҳаёти ҳақида маълумот тўплаш, унинг термаларини излаш, уларни нотага солиш борасида изланмоқда. Булунғурда бахшичилик мактабини яратишни олдига мақсад қилган.
- Анчадан буён Фозил Йўлдош ўғли мактабини яратишни ният қилиб юрувдим, - дейди бахши Шерқўзи Норбеков. – Чунки бахшининг айтиш услуби, дўмбирани чертиши ҳам ўзгача бўлган. Буни турли халқаро фестивалларда иштирок этиб, турли вилоят бахшилари билан ҳамсуҳбат бўлиб, архив аудио ёзувларни эшитиб амин бўляпман. Аслида достончиликнинг забардаст бахшилари самарқандлик бўлган. Уларнинг мактаби бошқа воҳаларга ҳам кенг тарқалган. Сурхондарё ва бошқа вилоятларда бахшичилик кенг ривожлангани учун терма ва айтишувлар, достонлар нотага тушгандек, бўғинлар тартибли жойлаштирилган. Фозил бобо эса бўғинларга эмас, мазмунга катта эътибор берган. Бўғинлар тартибсиз бўлса-да, бадиийлик, мазмун кучли ифодаланган. Афсуски, бахшининг термалари ёзиб олинган аудиодисклар қайта кўчирилмаганлиги боис сифати бузилган. Унинг термаларидан, достонларидангина ўрганишимиз мумкин, холос.
Шунингдек, “Чавқи” ансамблининг бадиий раҳбари Мелибой Раҳимов “Умидли сўқмоқлар” китобини ёзиб қолдирган. Афсуски, уни топа олмаяпман. Ушбу китобда бахшининг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотларни олиш мумкин. Чунки Мелибой бобо Фозил Йўлдошнинг котиби бўлган. У бахшининг айрим достонлари, термалари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлган. Фозил Йўлдош ёзишни билмагани учун достонларини, термаларини Мелибой бобога айтиб ёздирган. Бахшининг қизлари Тўқсулув момо билан суҳбатлашганимда, у киши берган маълумотлар Мелибой Раҳимов ёзган маълумотлар билан бир хил эканлигига гувоҳ бўлдим. Ҳозир ушбу китобни излаш ва олган маълумотларимга бирлаштириб, Фозил Йўлдош ҳаёти ва ижодини бойитмоқчиман.
Тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик йўналиши очилганига кўп бўлгани йўқ. У ерда таҳсил олаётган ёш бахшиларимиз ҳам талайгина. Аммо Шерқўзи бахши яна қишлоқларда ҳам бахшичилик мактабини ривожлантирмоқчи, қобилиятли ёшларнинг истеъдодини шакллантирмоқчи.
- Тўғри, туманимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик йўналиши очилган, - дейди Шерқўзи Норбеков. - Ўзим болаларга сабоқ бераман. Аммо қишлоқларни айланиб, ёшлар билан суҳбатлашиб, шунга амин бўлдимки, ўспирин ёшдаги истеъдодли болалар талайгина. Қишлоқ жойда кўп ҳолларда болаларнинг қизиқиши, қобилияти тўғри шакллантирилмайди. Баъзида имкон бўлмайди, баъзида эътибор. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабига 6-11 ёшлилар қабул қилинади. Шундай экан қишлоқларда фаолият юритаётган маданият марказларида ҳам бахшичилик мактабларини ташкил этиш керак.
Мисол учун, Дашткиовул қишлоғида истиқомат қилувчи 2-синф ўқувчиси Равшан бахшилардек ички овозга эга. Ёки, 20-17 ёшлардаги йигитларимиз ҳам дўмбирани қўлига олиб, куйлаяпти. Аммо бу йўналишда билимларини мустаҳкамлаш учун болалар мусиқа ва санъат мактабига бора олмайди. Шунинг учун, Фозил Йўлдош ўғли ижоди асосида Булунғур бахшичилик мактабини янада ривожлантиришни олдимга мақсад қилдим.
Ҳозир карантин даврида бахшининг “Кунларим” ҳамда “Алпомиш достонларини мукаммал ўрганяпман.
Сурхондарёлик Сафар бахши, сирдарёлик Дилмурод бахшилардан дўмбиранинг нағмасини, куйини ўрганяпман. Онлайн сабоқ оляпман ва албатта, ўрганганларимни шогирдларимга масофадан туриб ўргатяпман.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.