Хосият Бобомуродова: "Сўзнинг қадрига аталган мукофот"
Таниқли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродовани танимаган, шеърларидан баҳраманд бўлмаган киши кам бўлса керак. Опа Президент фармони билан “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди.
Шоира шу йил 30 август куни пойтахтимиздаги "Кўксарой" қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросимида иштирок этиб, Президентимиз қўлидан ушбу мукофотни олди.
- Қўлига қалам тутган аёлнинг ҳаёти ҳеч қачон силлиқ кечмаган: у ўзининг мураккабликлари, синовларию дарди ва шу дардни қаламга туширишдек юмушни гарданга юклайди, - дейди Хосият Бобомуродова. - Тақдир менга мана шундай ҳаётни насиб этганидан доим шукур қилиб келганман.
Дард чекканимда ҳам, қувончдан бошим кўкка етгудай бўлган пайтларим ҳам сўзга суяндим. Қисматимга битилган сўз айтиш дарди баъзан ханжар бўлиб танамни яраласа, баъзан малҳам бўлиб, мени яна олдинга ундади, яшашга чорлади. Шукурки, адабиётнинг, сўзнинг чин мухлислари ҳамон кўп. Шоирнинг дард чекиб битган мисраларидан малҳам топадиганлар бисёр.
Айниқса, кейинги йилларда маънавият тарғиботи анжуманларида иштирок этарканман, ёшларнинг ёниқ кўзларини кўриб, қалбим таскин топади. Шеър ёзаётган, ёзганда ҳам сўзидан олов сачраб ёзаётган ёшлар бизнинг ғуруримиз. Бу чин маънода мустақиллик фарзандларининг эркин руҳидан отилиб чиқаётган дурдоналардир. Бу қалби мажруҳ, эзилган, келажакка ишончсиз кимсалар эмас, балки кейинги йилларда сўз айтиш имкони берилган, фикридан қўрқмайдиган ёшларнинг эркин овозидир.
Кейинги йилларда ёшлар билан кўп ишлаяпмиз, улар бундан тўрт-беш йил илгариги ёшларга асло ўхшамайди, интилишлари бўлакча, мақсадлари катта. Шундай юртда, шундай муҳитда ижод қилишдан ортиқ бахт бормикан, деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Тўғриси, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланганимни эшитиб, шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Бу мукофот мен учун эмас, сўз учун, адабиёт учун, сўзни қадрлайдиган ўзбекистонлик борки, уларнинг ҳаммасига берилди, деб ўйладим.