Журналистика - машаққатли касб, аммо у ижодкорга завқ беради
Соҳада кўп йиллик тажрибага эга устоз ижодкорлар, фахрий журналистлар билан давра суҳбатлари ташкил этиш анъанага айланмоқда. Вилоят Матбуот уйида ташкил этилган тадбир ушбу анъананинг давоми бўлди.
Давра суҳбатида газетачилик соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Гулсара Тинибекова ҳамда Тошпўлат Юсуповнинг ижоддаги фаолияти эсга олинди. Улар ўзларининг қутлуғ 60 ёшини қаршилади.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров фахрий журналистлардан Нормурод Каримов, Йўлчи Муҳаммадиев, Тошқул Азимов, Толиб Жўраев, Ёрмамат Рустамов, Баҳодир Раҳмоновлар иккала фахрий журналистнинг касбий маҳорати бугунги ёш ижодкорларга тажриба мактаби экани, улар босиб ўтган машаққатли, лекин завқли йўл бугунги журналистика учун намуна бўлиши, уларнинг билим ва салоҳиятида кўпроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, тадбир қаҳрамонларининг иш фаолиятида ва ҳаётларида бўлиб ўтган қизиқарли воқеаларни эсга олишди.
- Албатта, кейинги пайтда ўтказилаётган бу каби давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар катта тажриба эга ижодкорларни бир жойда бирлаштирмоқда, - дейди “Зарафшон” газетаси масъул котиби Абдуғофир Шерхолов. – Уларни журналистикадаги босиб ўтган йўли, тажрибаси бугунги журналистикада ҳам асқотяпти. Энг муҳими, ижодий даврада янги ғоялар, қарашлар, таклифлар билдирилади. Бу, албатта, журналистика ривожига хизмат қилади.
Тадбир якунида устоз журналистларга уюшма вилоят бўлимининг ташаккурномаси ҳамда совғаси топширилди.
Ҳусан Элтоев.