Карантин қоидасини бузган “шоввоз” жазоланди

Жорий йилнинг 5 апрель куни соат 21:00 ларда Самарқанд тумани Қуйи Чордара маҳалласида яшовчи С.Н. маҳалладаги савдо дўконидан спиртли ичимлик харид қилади. Ичимликни уйида истеъмол қилгандан сўнг, карантин қоидаларини бузиб, тиббий ниқоб тақмасдан кўчага чиқади.

Нима иш қилаётганини англаб етмаган С.Н. қўшниси М.Х.нинг хонадонига бариб, дарвоза ҳамда деразаларини таққиллатади ва уни турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди. Бундан хабар топган маҳалла раиси ва профилактика инспектори томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан барча ҳужжатлар тўпланиб, Самарқанд тумани маъмурий судига юборилади.

Туман маъмурий суди ҳуқуқбузар С.Н.ни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир қилган деб топади.

Суд қарорига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси ҳамда 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.