Каттақўрғон туман ҳокими Сув ҳовузи массивида сайёр қабул ўтказди: Йўллар асфальт бўладиган, йўловчилар учун автобус қатнови қўйиладиган бўлди

Каттақўрғон тумани ҳокими А.Баҳромов Сув ҳовузи массивида туманнинг Кумушқирғоқ ва Номозполвон маҳалла фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди.

Юз нафардан зиёд фуқаролар иштирок этган мазкур қабулда 50 та мурожаат тингланиб, уларнинг 30 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.

Унда ҳудуддаги энг долзарб муаммо тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи муҳокама қилиниб, яқин муддат ичида аҳолини ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш бўйича ишлар бошланадиган бўлди.

Ҳудудни Каттақўрғон шаҳри билан боғловчи 10 километр, шунингдек, маҳаллаларнинг 5 километр масофадаги ички йўллари асфальт қилинадиган бўлди.  Шунингдек, ҳудуддаги коллеж биносидан кутубхона учун хоналар ажратилиб, туман ҳокимлиги кўмагида тегишли китоб жиҳозлари ва китоб фонди билан таъминланади. Тумандаги 8-мактабгача таълим муассасасига ошхона жиҳозлари, газ плиталари ва 10 тонна кўмир ёқилғиси ажратилди. 

- Қизим Зилола кўп йилдан буён оғир касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган, - дейди 81 ёшли Қўчқор бобо Тураев. - Туман ҳокими уйимизга келиб, қизим ҳолидан хабар олди. Унга ногиронлик аравачаси тақдим қилди. Биз бу ғамхўрликдан чексиз миннатдормиз.

Учрашувда шаҳарча аҳолисининг туман ва шаҳар марказига қатнашида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида автобус ва лецензияланган таксилар қатновини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.  Сайёр қабулда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмади.

 Дилмурод ТЎХТАЕВ.