Аъзамхон БАҲРОМОВ: Коронавирус пандемияси яқин 3-4 йилга мўлжалланган режаларимизни тезроқ бажаришни тақозо этди
Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинганига икки ой бўлди. Айни пайтда ҳар бир ҳудуддаги вазиятдан келиб чиқиб, вилоят, туман, шаҳар даражасида карантин чекловлари юмшатилмоқда.
Эпидемиологик ҳолат нуқтаи назардан бугун Каттақўрғон тумани “яшил” ҳудуд ҳисобланади. Яъни, карантин чекловлари анча юмшатилган, кўплаб фаолият ва хизматларга рухсат берилган. Туманда ҳаёт бир маромда, аввало карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда давом этмоқда.
Умуман, Каттақўрғон учун бу синов қандай кечди, коронавирус пандемиясидан кейин туман халқи ҳаётида нима ўзгаради, қандай янги лойиҳалар амалга оширилади?
Шу каби саволлар билан туман ҳокими Аъзамхон Баҳромовга мурожаат қилдик.
– Коронавирус пандемияси бутун башариятнинг бошига келган катта синов бўлди – деб гап бошлади А.Баҳромов. – Дунёнинг иқтисодий бақувват, қудратли давлатлари ҳам бу офат олдида ожиз бўлиб қолди. Кўп давлатларда, халқаро миқёсда иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Ҳеч ким, ҳеч бир давлат бу хавф қачон бартараф бўлиши ҳақида аниқ бир гап айтолмаяпти. Мана шундай вазиятда юртимизда коронавирус оқибатларини юмшатиш, карантин шароитида қандай иш тутиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида аниқ дастур ва режалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Содда қилиб айтадиган бўлсак, оддий фуқародан бошлаб раҳбарларгача карантин шароитида қандай яшаш ва ишлашни пухта ўзлаштириши талаб қилинмоқда.
Шундан келиб чиқиб, биз – туманимиздаги тўрт сектор раҳбари ҳам бугунги пандемия шароитида ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, аҳолини бу вазиятдан имкон қадар беталофат олиб чиқиш бўйича ўз вазифаларимизни белгилаб олдик.
Аввало, хонадонма-хонадон юрилиб, ишсизлар, қийналиб қолган оилалар рўйхати шакллантирилди. Шу асосида уларга ёрдам бериш чораси кўрилди. 3556 та эҳтиёжманд оилага 724 та тадбиркорлик субъекти ва ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур ёрдам берилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” фондига ҳозиргача 1,1 миллиард сўм маблағ тушди ва бу маблағ ҳам карантин пайтида қийналиб қолган оилаларни ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилмоқда.
Қайд этилган 3556 эҳтиёжманд оилада яшовчи 5097 нафар фуқаронинг 2781 нафарини томорқа, кооператив ҳамда бошқа ишларга банд қилиш, 1802 нафарини тадбиркорликка ўргатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, ҳозирда ҳеч бир даромадсиз қолган 2857 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 60 кишига шахсий томорқасидан самарали фойдаланиши учун субсидия ажратилиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
Булар ҳам дастлабки чоралар. Лекин биз эртани ўйлашимиз керак. Эртага туманимиз аҳолисининг ҳаёти қандай бўлади, иқтисодиётмиз нима бўлади?
Ана шу саволга жавоб нуқтаи назаридан, биринчи навбатда 2020 йил якунига қадар ва 2021 йил пишиқчилик вақтигача аҳолимизнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ҳамда туманимизда бундай маҳсулотларни етиштириш имкониятини ўрганиб чиқдик. Дастлабки ҳисоб-китобларимиз, агар ишни оқилона ташкил этсак, олдимизга қўйган вазифаларни бекаму кўст бажарсак, нафақат туманимиз аҳолиси эҳтиёжини қондириш, балки эҳтиёждан ортган қисмини четга сотиш орқали ҳам даромад олиш имконияти мавжудлигини кўрсатди.
Иккинчи масала – туманимиз асосан аграр соҳага ихтисослашгани учун пахта ва ғаллачиликда замонавий инновация ва технологиялардан фойдаланишга эътибор қаратдик. Хориждан замонавий пневма сеялка ва техникалар келтириб, ғалла ва пахтани ана шу усулда экдик.
Жумладан, бу йилги мавсумда 9 минг гектар ердаги ғалланинг 6 минг гектар очиқ майдони пневма сеялка ёрдамида экилгани бизга уруғликни иқтисод қилиш ва ғалла туп сонини ошириш имконини берди. Шунинг ҳисобидан бу йил туманимизда ғалла ҳосилдорлиги ўртача 75-80 центнер бўлади. Айрим ҳудудларимизда 90-100 центнергача ҳосил олиш мумкинлигини айтишмоқда, мутахассислар.
Иккита кластеримиз томонидан қарийб 11 минг гектар пахта майдонимизда ҳам бу йил хориждан келтирилган 115 та пневма сеялка ёрдамида янгича усулда чигит экилди. Бунда ҳам аввало уруғликнинг ортиқча сарфи олди олинди. Чигитни ягоналашга хожат қолмади, бир вақтнинг ўзида озиқлантириш ва бегона ўтларга қарши дорилаш имконияти пайдо бўлди.
Суҳбат давомида А.Баҳромов туманда қишлоқ хўжалигининг ғалла ва пахтачилик каби анъанавий соҳалари билан бирга аҳолини кенг жалб қилган ҳолда, уларнинг бандлигини ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш учун беш йўналиш бўйича дастур ишлаб чиқилгани ҳақида ҳам маълумот берди.
Қулупнай етиштириш, лимончилик, пиллачилик, чорвачилик ва фойдаланилмай турган лалми ерларда токзорлар ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан видеолавҳада танишишингиз мумкин.
Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.