“Ким билан ўйнайсан, мен биланми ёки у билан?”
Бугун кечки таом тайёрламоқчи бўлиб, ишимни эртароқ тугатдим. Бор меҳримни бериб, овқатга уннадим. Спорт машғулотидан қайтган ўғлим салом беришни ҳам унутиб, мени саволга тутди:
- Славикларда уруш бўляптими, аяжон? Уруш бошландими? Устозим айтдики, энди улар яна Ўзбекистонга қайтиб келишаркан.
Ўтган йили бир синфдоши оиласи билан Украинага кўчиб кетганди, ўғлим яна давом этди. – Россия мен билан ўйнайсан, дебди Украинага. Украина рози бўлмаган экан, кейин уруш бошланибди. Собитхон ўртоғим, шундай деди.
Ўғлимнинг саволига нима деб жавоб беришни билмай қолдим.
Россия ўзгардими?
Рус халқи мард, танти, уйидаги мушугию итини ҳам хафа қилмайдиган миллат сифатида танилган. Табиий ресурсларига бой, катта майдонни эгаллаган Россия минтақада ўз сўзига эга мамлакат эди. Бугун бу таърифлар унга умуман ярашмай қолди.
Йўлбошчиси “йўлдан озди”... Аввал Қримни “олиб қўйишди”. Кейин Донецк ва Луганск мустақил республикалар сифатида Россия томонидан тан олинди (“Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” деган машҳур жумлалар ёдга тушди) ва шу воқеалар фонида “қулоқсиз” Украинага босқин уюштирилди.
Тинчликни сақлаш, нима бўлганда ҳам уруш қилмаслик мақсадида имзоланган, тасдиқланган ва келишилган ўнлаб халқаро протоколлар, ҳужжатларнинг қадри бир пул бўлди.
XXI асрда бундай босқин бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, ҳеч ким ишонмаган ва кутмаган эди. Томири битта бўлган миллат (украинлар ҳам, руслар ҳам славян) уришмоқда.
Путиннинг мақсади НАТОнинг Шарққа кенгайишига қаршилик қилишмиди? Ёки собиқ совет республикалари чегараларини ўз назоратига олишни истадими?
Бугун ижтимоий тармоқларда бутун дунё Путиннинг бу босқинини қоралаяпти. Россияга нисбатан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий санкциялар жорий этилмоқда. Россия рубли қадрсизланиб, рус миллиардерлари бойликларидан айрилмоқда. Россия дунё назаридан қоляпти...
Россиядаги олимлар, шифокорлар, журналистлар, архитекторлар Путиндан урушни, қонхўрликни тўхтатишни талаб этмоқда. Путин эса тўхтай демайди. У ўз мурожаатида бу урушда ким унга халал берса, бошига мисли кўрилмаган фалокатни ёғдиришни айтиб, таҳдид қилди. Бу ҳам етмагандек, энди ядровий қуролларни ишга солармиш! У ақлдан оздими ё алам устида Украинани 24 соат ичида қўлга ололмагач, сўнгги чора сифатида “ўлим” қуролидан фойдаланмоқчими?
Кимдир уни “порох омборида гугурт ўйнаётган болакай”, деганди. Салкам 70 яшар болакай! У дунё тарихида Гитлердан ҳам ёвуз кимса, сиёсатчи сифатида қоладими?
Аммо бугун Украина етакчиси - актёр, КВНчи ва “ғарбнинг қўғирчоғи” сифатида назар-писанд қилинмаган Владимир Зеленский қаҳрамонга айланди. Босқин пайтида ҳар доим етакчилар пойтахтни тарк этиб, тинчроқ жойда бошқарувни олиб боришган. Ёки миллат бойликларини тўплаб, чет мамлакатга қочиб қолишган.
Зеленский ҳақиқий ватанпарварлик намунасини кўрсатди. Ҳамкасбимнинг айтишича, фейсбукда Зеленский билан деярли 8 йилдан бери “друзья” экан. Айни кунларда унинг саҳифасига бутун дунёдан, турли тилларда минглаб хайрихоҳ постлар, коментарийлар келмоқда экан.
Украин халқининг матонати, мардлиги ва жипслиги эса бизга ўрнак бўлиши керак. Бойлари ҳам, олигархлари ҳам мамлакатни ташлаб, қочиб кетишмаяпти.
Россиядек қудратли мамлакат Украинадек кичик давлатни бир деганда, бўйсундира олмади. Демак, ҳарбий салоҳиятга кўп ҳам ишонавермаслик керак.
Дастлаб, ваъда қилингандек, Украинага НАТО, БМТ ва бошқа тузилмалардан ҳеч қандай кўмак берилмади. Ғарбдаги бошқа етакчи давлатлар урушни тўхтата олмади. Лекин бугун бир нарса аниқ – бу урушда ғолиблар ва мағлублар бўлмайди.
Ўғлимнинг ўртоғи айтганидек, “ўйинлар ўйналаверади”, оддий халқ азият чекади.
Гулчеҳра Бердиёрованинг Fasebookдаги саҳифасидан олинди.