Кино олиш, кино кўришдан мақсад нима?
Телеграм каналда «Миллий сериаллар маънавиятимиз учун малҳамми ёки заҳар?» сарлавҳали мақолани ўқиб, бир туркиялик меҳмон билан бўлган суҳбатимиз ёдимга тушди.
Унда гапимиз айланиб, халқларимизнинг маданиятидаги ўхшашлик ва фарқларга келиб тўхталди. Шунда у тўсатдан, «Мен сизларда аёллар жуда шатта бўлса керак, деб ўйлаб юргандим», деб қолди. Ҳайрон бўлдим ва ундан бу фикрига изоҳ беришни сўрадим.
- Мен илгари туркчага таржима қилинган ўзбек фильмларини кўрганман, - дея гапида давом этди суҳбатдошим. – Бу ерда ҳам кўриб боряпман. Сизлардаги киноларда аёллар садоқатсиз, можароларнинг сабабчиси сифатида кўрсатилади. Лекин аслида бундай эмасга ўхшайди. Ёки мен адашяпманми?
Аввалига меҳмоннинг бу сўзларидан таажжубга тушдим, жаҳлим чиқди. Аммо вақт ажратиб, миллий фильмларимизнинг бир нечтасини кўрганимдан сўнг уни тушундим. Дарҳақиқат, фильмларимиз халқимиз турмушида учрайдиган жамики иллатлар, салбий воқеликларга «тўйдирилган» экан. Одамларни тарбиялашга эмас, фақат ғазабланишга, ўзлигидан нафратланишга олиб келадиган воқеликлар. Энг ёмони, уларда ўзбек аёлининг иффати, қадр-қиммати шу қадар ерга уриляптики, асабингни бузмасдан кўролмайсан.
Шу боис айни масаладаги қарашларим, фикрларимни жамлаб, қоғозга тушуришни ўйлаб юргандим. Юқоридаги мақолани ўқиб, муаллиф барчамизнинг дилимиздаги гапларни ёзганига, мавзу доирасида чуқур мулоҳаза юритганига амин бўлдим.
Хусусан, унда муаллиф кино санъатимиз анча вақт эътибордан четда қолганини, лекин бу унинг ўз ғояси, мақсадидан тойиб, «антитарбия» билан шуғулланишига асос бўлмаслигини таъкидлайди. Бу айни ҳақиқат. Иш фақат соҳадаги техник муаммоларга боғлиқ бўлганда, кино санъатимизнинг дурдоналари бўлган «Ўткан кунлар», «Ёр-ёр», «Шум бола», «Маҳаллада дув-дув гап», «Темир хотин» каби фильмлар тасвирга олинмаган ёки олинса ҳам вақт ўтиши билан ўзининг қадрини йўқотган бўлар эди.
Мен халқимизнинг ўтган асрдаги аҳволини, мустақилликнинг биринчи йиллари кўрган қийинчиликларини, тикланиш даври ва ҳозирги замон воқеликларини кўрганман. Миллий кино санъатимиз кўрсатаётгандек, бу даврларда фақат муғомбирлару каззоблар «зўр» бўлиб, қолганлар хор бўлган эмас. Ҳалол меҳнати билан қийинчиликларни енгиб ўтган, элга танилган, дунёга юзланганлар қанча? Агар шундай иймон-эътиқоди бутун шахсларнинг муваффақиятларини кўрсатадиган фильмлар олинса, уларнинг тимсолида халқимизнинг илғорлигини кўрсатган бўлмасмидик?
Муаллиф мақоласида кино санъатининг яширин тарбияси тўғрисида ҳам жуда ўринли ва таъсирчан мисолларни келтирган. Бунга қўшимча сифатида айтишим мумкинки, мустабит тузум вақтида ҳам телевидениеда аёлларимизнинг хулқини бузишга қаратилган бир реклама доимий равишда бериб борилган экан. Бунда «Замонавий аёл қандай бўлади,», деган саволга калта юбка, олди очиқ кўйлак кийган, қўлида сигарета тутган, қисқаси, ўтган-кетган эркакларнинг эътиборини ўзига тортадиган аёл қиёфаси берилади. Бу ғоянинг таъсирини ҳалигача йўқота олганимиз йўқ. Аксинча, уни ўз қўлимиз билан кучайтиришда давом этяпмиз. Телевидение ана шундай кучга эга.
Бу мавзу бўйича ҳали кўп гапириш мумкину, ҳар гапни айтаверишдан андиша қиламиз. Уятни билмаган айрим «ижодкор»ларга уятсизлик билан жавоб қайтарган бўлмайлик, ахир.
Муносабатимнинг сарлавҳасига келсак, мақсадига кўра киноасарлар одамларга маънавий озуқа бериши, уларни тўғри йўлга бошлаши керак. Хўш, бугунги киноларимизнинг қанчаси шу талабга жавоб беради? Ижодкорлар, ўзидан режиссёр ясаб олганлар масаланинг бу тарафини ҳам ўйлаб кўришса яхши бўлар эди. Маданиятимизни юксалтиришнинг уддасидан чиқолмас экансиз, уни бузишга ҳам уринманг.
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
профессор, иқтисод фанлари доктори.