Куз ўтиб боряпти, қиш яқинлашмоқда, кўмирдан эса дарак йўқ
Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати телеграм каналида хабар берилишича, ҳокимлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ туманнинг Бозоржой маҳалласи Саксончел қишлоғидаги 49-умумий ўрта таълим мактаби фаолиятини ўрганди.
Мактаб 2007 йилда қурилган бинода жойлашган. Аммо айрим синфхоналарда собиқ иттифоқ давридан қолган, ўқувчилар ўтирганида кийимларини “тишлаб” қоладиган эски парталар борлиги афсусланарли. Шунингдек, ҳудудларда куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий объектларни ичимлик суви, газ, электр энергияси, кўмир билан таъминлаш, бу борада юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида ҳокимликлар, ижтимоий соҳа ташкилотлари ва коммунал соҳа корхоналари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим бўлган бир пайтда мактабнинг кўмирхонаси бўм-бўшлиги ажабланарли.
- Мактабга кўмир етказиб берилмагани бор гап, - дейди муассаса директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Отабек Турдибеков. – Иккита синфхонага эски парталарнинг жойлаштирилгани сабаби мактабда 10-11 синфлар қайта ташкил этилгач, ўқувчиларга жиҳозлар етишмай қолди. Шунинг учун янги жиҳозлар берилгунга қадар эски парталардан фойдаланиб турибмиз.
Тумандаги 87-умумий ўрта таълим мактабида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек эмаслиги суратлардан кўриниб турибди. Иситиш тизими қувурларини ўтказиш учун ўйилган деворлар таъмирланмаган, қозонхоналарнинг аҳволи ачинарли ҳолатда.
Мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.