«Командировка»да бўлган ходимларга ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йўл харажати тўланади

Энди йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хизмат сафарида бўлган бюджет ташкилоти ходимларига ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 0,08 фоиз миқдорида йўл харажати тўланади. Илгари бу масалани белгиланган талаблар асосида корхона раҳбарининг ўзи ҳал қилган, деб хабар бермоқда «Huquqiy axborot» канали.

Бошқа ташкилот ходимларига жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда бироқ, ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўл ҳақи тўланади.

Шунингдек, меҳмонхоналарнинг люкс-номерларида яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ушбу номер қийматининг 70 фоизигача миқдори бюджет маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади (илгари фақат 70 фоиз миқдорида қоплаб берилган).

Хизмат сафарида ижарада турганлик бўйича ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) харажатлар қопланади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи (4 460 сўм) миқдорида қопланган).

Ходим «командировка»дан қайтган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида аванс (бўнак) ҳисоботини тақдим қилиши шарт.

Бу ҳақда 2019 йил 13 сентябрда Адлия вазирлигида 1268-1 рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқномага киритилган ўзгартириш ва қўшимча сифатида қайд этилган.