Кундалик масалаларни ҳал этишда маҳалла давлат органлари ҳамда жамоатчилик ўртасида “таянч кўприк”ка айланиши керак

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президенти фармони лойиҳаси ва дастур юзасидан бир қатор таклифларимни билдирмоқчиман.

Биринчи таклифим: Мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларининг касбий компетенсиясини ривожлантириш ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштиришда хорижий тажрибаларни татбиқ қилишда ресурс таъминотига, қадриятларимизга, шунингдек, Мирзо Улуғбек мадрасасининг энагаларни тайёрлаш методикасига эътибор қаратилса, деган таклифим бор.

Иккинчи таклифим: Педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича тўртинчи мақсадга олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобус қатновини йўлга қўйишда ҳар бир туманда давлат-хусусий шериклик асосида автобусларни лизингга бериш ва улар томонидан жамоат транспорти хизмати ҳам кўрсатилиши лозим. Бундай автобуслардан ўқувчилар мактабга бориш ва қайтишда бепул фойдаланади.

Учинчи таклифим: Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш бўйича 46-мақсадга таклифим шуки, ҳудудларда янги саноат зоналарини ташкил этишда аҳоли демографияси, ҳудудларнинг географик жиҳатлари, шунингдек, саноат зоналари ташкил этилган ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари тажриба амалиётларини оммалаштириш, шунингдек, янги ташкил этиладиган саноат зоналарида ўзаро ахборот, товар, хомашё алмашинуви ва ҳамкорлик механизмларини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Тўртинчи таклифим: Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш бўйича 58-мақсадга ички туристик хизмат кўрсатувчи объектларда нархни маълум муддат давлат томонидан назоратга олишни таклиф этаман. Чунки биздаги ички туристик хизматларнинг нархи жаҳондаги энг қиммат туристик зоналар билан тенглашади. Бу эса ички туризмнинг ривожланишига салбий таъсир қилмоқда.

Бешинчи таклифим: Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича 60-мақсад юзасидан кўп қаватли уй қураётган хўжалик юритувчи субъектларнинг сотув хизмати элементларини аҳоли учун қулай ва соддалаштиришга эришиш лозим, деб ҳисоблайман.

Олтинчи таклифим: Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш бўйича 74-мақсад 1-бандига қонунчилигимизда маҳалланинг имижини янги босқичга кўтариш, маҳалладаги кенгашни шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, ҳудудий вакиллик кенгашлардаги маҳалла овози ва иштирокини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шаҳриёр Холбоев,

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали директори вазифасини бажарувчи.