Маҳалла тараққиётига қаратилган энг яхши бизнес лойиҳалар аниқланди

Самарқанд шаҳрида “Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Йўлдошев ва бошқалар Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур танлов маҳаллалар  ҳудудида амалга ошириш режалаштирилган бизнес лойиҳаларни аниқлаш ва молиялаштириш, бизнес лойиҳалар ташаббускорларини рағбатлантиришга қаратилганини таъкидлади.

– Танловга келиб тушган лойиҳаларни баҳолашда маҳалларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва экспортни таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларга устуворлик берилди, – дейди Бизнесни ривожлантириш банки Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошқарувчиси Ж.Шодиев. – Лойиҳалар ташаббускорлари www.biznes-portal.uz электрон платформаси орқали ариза юбориб, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури иштирокчисига айланган бўлиши танловнинг асосий шарти сифатида белгиланди. Энг яхши деб топилган бизнес лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий этилган тартиб асосида банкимиз томонидан имтиёзли шартларда молиялаштирилади.

Танлов натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги “ADVANTAGE PRO" масъулиятини чекланган жамияти томонидан тақдим этилган лойиҳа биринчи ўринга муносиб деб топилди. Кейинги ўринлар “IBRAGIMOV SHAROFIDDIN SAYFUTDINOVICH” якка тартибдаги тадбиркори ҳамда Пайариқ туманидаги “TRITON SANOAT QURILISH SERVIS” масъулияти чекланган жамиятига насиб этди. Энди улар танловнинг мамлакат босқичида ҳам иштирок этади.

Танловда, шунингдек, “Энг намунали кредит тўловчи”, “Энг фаол аёл тадбиркор”, “Энг ёш тадбиркор”, “Энг салоҳиятли тадбиркор”, “Энг инновацион лойиҳа” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Б.Мустанов.