Маҳаллада яратилган тизим қайси раҳбарлар фидойи бўлиб ишлаган бўлса, ўша ерда натижа беряпти - Президент
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Натижада ҳудудларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилди, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилди, 2,5 мингта корхона қувватлари тикланди ва оширилди.
“Ўзбекистон тарихида биринчи марта бундай катта рақамлар амалда бўлганини гапиряпмиз.
Маҳаллада тизим ва шароит яратганимиз, албатта, қайси туман ва шаҳар раҳбарлари фидойи бўлиб ишлаган бўлса, натижа беряпти”, деди Президент.
Энг яхши натижа кўрсатган 14 нафар ҳоким ёрдамчиларини мукофотлаш, ижобий натижага эришган 2 минг 943 нафар ҳоким ёрдамчиларига ташаккурнома юбориш топширилди. Ижобий натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига муносиб номзодлар захираси экани кўрсатиб ўтилди.