Пираха - ҳеч қачон ухламайдиган қабила
#Ўқинг_қизиқ!
Пираха - ҳеч қачон ухламайдиган қабила
Бразилиянинг Маиси дарёси бўйида яшовчи Пираха ҳиндуларини ер юзидаги энг бахтли одамлар деб аташ мумкин, чунки улар на ўтмиш ҳақида қайғуради, на келажак ҳақида ўйлайди. Улар учун фақат бугунги кун бор, холос.

Пираха захира тўпламайди, деярли ухламайди ва ҳеч нарсага ишонмайди. Улар ўзларини чинодамлар деб аташади. Дунё бу ҳайратланарли қабила ҳақида 1970 йилларда Пираха орасида 30 йил яшаган собиқ миссионер Дэниел Эвереттдан билиб олди.

Қабиланинг уйқуга бўлган муносабати, эҳтимол, бутун бир фалсафадир. Улар одам умуман ухламаслиги керак, деб ҳисоблашади. Биринчидан, уйқу одамни куч-қувватдан маҳрум қилади, дейди улар, иккинчидан, уйқуда одам бир оз ўлади ва бутунлай бошқа киши бўлиб уйғонади, яъни у ўзини йўқотади. Бу бошқа одам сизга бутунлай ёқмаслиги аниқ.
Бироқ бу мажбурий уйқусизликнинг ҳаммасабаблари эмас. Ухлашдан олдин биз бир-биримизга “Хайрли тун” тилашга одатланганмиз. Пираха тилида эса бу тилак: "Ухлаб қолма! Ҳамма жойда илонлар бор" кабилида янграйди. Ҳақиқатан ҳам бу ерда илонлар жуда кўп. Шунинг учун пирахалар кечалари ухламайди, фақат чарчоқ босиб кетган вақтда ярим соатгина мизғиб олади.

Қабила аъзолари тахминан ҳар етти йилда бир марта ўз исмини ўзгартиради: чунки исм ёшга мосбўлиши керак-да. Ҳиндуларда ўтмиш ёки келажак ҳақида тушунчалар ҳам, тақвим ҳам йўқ. Уларнинг вақт ҳақидаги тушунчаси фаслларнинг ёмғирдан қурғоқчиликка ўзгариши билан чегараланади.
Улар озиқ-овқат жамламайди ва овланган нарсани дарҳол еб қўяди. Агар ов муваффақиятсиз бўлса, оч юради ва бу уларни умуман безовта қилмайди. Айтганча, ҳиндулар озиқ-овқатга бефарқ; улар нега одам ҳар куни овқатланиш кераклигини тушунишмайди. Ҳар сафар улар орасида яшаган Эвереттнинг овқатланаётганини кўрса, улар унга: "Яна овқатланаяпсизми? Ўласизку ахир!" деб айтган.
Эвереттга ноёб Пираха тилини тушуниш учун узоқ вақт керак бўлди. Унинг сўзларига кўра, бор-йўғи учта унли ва етти ундошдан иборат тил бошқа маълум тилларга умуман ўхшамайди. Лекин қуш каби сайраш ва ҳуштак чалишни улар қойилмақом қилиб ижро этади.
Ҳисоб-китоб ҳақида гап кетганда, ҳиндулар иккита - "бир нечта" ва "кўп" миқдорий тоифадан фойдаланишади. Мисол учун, тўртта балиқ оз, лекин олтитаси жуда кўп. Агар балиқ битта бўлса, у ҳатто ҳисоблашга арзимайди.
Молия ҳақида гап кетганда, ҳиндулар жуда ҳушёр. Улар қўшни қишлоқ аҳолисидан маълум бир банкнот эвазига (ҳатто номинални билмаса ҳам)қанча аччиқ сув идишлари сотиб олиш мумкинлигини жуда яхши тушунишади.
Никоҳга келсак, Пираха оилаларида эр топганини уйга олиб келмаса, хотин бошқа эр топишга ҳақли. Худди шундай, агар хотини полиз ишларини қилмаса ёки балиқ овламаса, қариб, ёқимсиз бўлиб қолган бўлса, эр уни тарк этишга ҳақли.

Демак, уларнинг ҳар бири уялмай, пушаймон бўлмасдан хоҳлаган ишини қила олади. Пираха ҳатто болаларни койимайди ва жазоламайди. Албатта, улар болага қўллари билан иссиқ чўғни ушлаш оғриқли эканлигини тушунтиради ёки сувга тушиб қолмаслик учун сув яқинида ўйнаётган чақалоққа ҳушёр туришади.


Шу билан бирга, қабила орасида ўғирлик, қотиллик ёки ўз жонига қасд қилишлар йўқ - бу иллатлар Пираха табиатига ётдир. Улар сурункали чарчоқ синдроми, руҳий тушкунлик ёки бошқа руҳий касалликлардан азият чекмайди. Бугунги кунда яшаётган Пираха ҳиндулари ўзини бутунлай бахтли одамлар деб ҳисоблайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.