Маҳсулотларни консервалашнинг 3 минг йиллик тарихи

Ёхуд бугун унинг қандай усулларидан фойданяпмиз?

Озиқ-овқат маҳсулотларини махсус усулда бузилмайдиган қилиб, ёпиқ идишларда сақлаш – консервалаш инсониятнинг энг қадимий анъаналари сирасига киради. Мисол учун, гўшт ва балиқ узоқроқ сақланиши учун асосан қуритилган. Бунда хомашё тўғридан-тўғри қуёшда қуритилган ва чарм қопларда сақланган. Бошқа озиқ-овқат ёки мева-сабзавот маҳсулотлари эса махсус идишларга шиббалаб, совуқ хоналарга жойланган ёки ерга кўмилган.

Консервалашга оид илк ашёлар қадимги Мисрда топилган. Фиръавн Тутанхамон қабрини қазиш пайтида археологлар қатрон билан муҳрланган идишларда зайтун мойи суртилиб бальзамланган, қовурилган ўрдак гўштини топишган. Ажабланарлиси, ўрдак 3000 йил давомида ўз озиқ хусусиятини сақлаб қолган.

Ҳозирги консервалаш услубига яқин илк тажрибани француз ошпази ва қандолатчиси Николас Француа Апперт амалга оширган. У бактерияларни иссиқлиқ орқали йўқ қилишга киришиб, гўшт, балиқ, мева ва сабзавотларни шиша идишга жойлайди, шўр сувли эритмада қайнатади. Саккиз ой ўтгач, Аппер шиша идишларни очиб, маҳсулот бузилмаганига гувоҳ бўлади.

Даврлар ўтиши билан консерваланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланди, турлари кўпайди.

Уйда тайёрлангани бошқача

Озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотларини консервалаш ва сақлаш бугунги замонавий дунёда ҳам муҳим роль ўйнайди. Чунки биз ҳозир истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизидан ортиғи консерваланади. Замонавий технологиялар турли хил янги консерваланган маҳсулотларни ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтирмоқда. Шунга қарамасдан, одамлар уйда тайёрланган “мариновка", компот ва салатлардан кўпроқ фойдаланишмоқда. Сабаби уй бекаси мавсумий маҳсулотларни консервалашда янги узилган ва сараланган сабзавот ва резаворлардан фойдаланади. Саноат консерва маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар эса ҳар доим ҳам бу билан мақтана олмайди.

Уй шароитида мураккаб технология шарт эмас – ёпгич, банка ва қопқоқ бўлса кифоя. Қарабсизки, севиб истеъмол қиладиган маҳсулотдан йил давомида баҳраманд бўласиз. Қишнинг аёзли кунларида ҳам помидор, карсиллаган бодринг ёки бақлажон икраси, мураббо ва компотлар билан оила аъзоларингизни сийлайсиз. 

Оила бюджетига фойда

“Банка ёпиш" аввало, оила бюджетини тежайди. Бир литрлик банкада ёпилган помидор мисолида кўрадиган бўлсак, дўконларда унинг нархи ўртача 22-25 минг сўм. Энди уйда тайёрлаганда бунга қанча маблағ кетишини ҳисоблаймиз: ярим килограм помидор (1 килограм помидор нархи 4,5-5 минг сўм), қопқоқ – 800 сўм, зираворларга 2 минг сўм ажратсак, 5-6 минг сўм атрофида бўлади. Демак, ҳар битта банкадан қарийб 10-15 минг сўм тежалади.

Консервалашда эҳтиёткорлик муҳим

Сабзавот ва меваларни қайта ишлаш жараёнида таркибидаги фойдали моддалар йўқолмайди, ҳатто баъзи шифобахш хусусиятлари ортади. Жараёнда оқсил, углеводлар, органик ёғ, ёғ кислоталари (омега-3 ва омега-6), калий, магний, кальций, фосфор ва темир каби микроэлементлар сифат ва озиқ қийматини сақлаб қолади.

Иссиқлик орқали ишлов берилган мева ва сабзавот шарбатларида қимматли модда – пектин мавжуд. Бу танадан оғир металларни организмдан чиқаришга ёрдам беради, дейди мутахассислар. Ишлов берилган маҳсулотларда тез эрувчан, организмга таъсир қилувчи (ҳужайра бўлиниши, ўсиш ва ривожланиш жараёни, метаболизм ва кўришни яхшиловчи) А, D, Е, К витаминлари яхши сақланади.

Яна бир муҳим жиҳати, консерваланган маҳсулот тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш зарур. Бунинг учун мева ва сабзавотлар, идишларни яхшилаб ювиш, стериллаш. Ёпилган банкаларни чаппа қилиб қўйиш, салқин ва қоронғи жойда сақлаш консервалашнинг "олтин қоидаси" саналади. Шунингдек, "мариновка" тайёрлашда хавфли микробларга қарши, албатта сиркадан фойдаланиш тавсия қилинади.

Гулнора ХОЛДОРОВА.