Мажбурлаб чиқарилаётган қочқинлар, Сурияда қатл этилган Асад армияси зобитлари, номи ўзгарган Мексика кўрфази

🔹 Трамп Иордания, Миср ва Колумбия кўпроқ Ғазо ва Колумбия қочқинларини қабул қилишга чақирди. Колумбия дастлаб бунга рози бўлмади. Трамп Колумбиядан келадиган барча товарларга 25 фоизлик бож ва Боготага қарши санкциялар жорий қилишини айтгач, Колумбия ҳам АҚШга қарши санкциялар киритди. Кўп ўтмай муҳожирларни қабул қилишга рози бўлган Колумбия президенти Трампни “очкўз” деб атади. Иордания ҳам Трамп талабига жавобан, фаластинликларни Ғазодан кўчириш ғоясини "қатъий" рад этишини айтди. Фаластинликлар Трампни бу ҳаракатини "этник тозалаш" дейишмоқда.

🔹 Ливан ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш 18 февралгача узайтирилгани маълум бўлди. Икки давлат ўртасида 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш шартларига кўра, Исроил томони 60 кун ичида, яъни 2025 йил 27 январгача Ливан жанубидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак.

🔹 Сурияда зўравонликнинг янги тўлқини қайд этилди, натижада сўнгги 72 соат ичида камида 35 киши қатл этилган. Уларнинг аксарияти аввал Башар ал-Ассадга бўйсунган армия зобитлари.

🔹 Олти кун аввал Туркиянинг тоғ-чанғи курортидаги Grand Kartal меҳмонхонасида содир бўлган йирик ёнғинга ошхона ходимларининг эътиборсизлиги сабаб бўлган. Ёнғин оқибатида 78 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти болалар.

🔹 Қозоғистонда 2022 йил январ воқеалари иштирокчиларига нисбатан ҳукм чиқарилди. 45 нафар айбланувчининг аксарияти тергов ҳибсхонасида ўтган вақтлари ҳисобга олиниб, 1-2 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳукм қилинганлар орасида депутат, ҳарбийлар ва бошқа давлат хизматчилари, "авторитет" жиноятчилар 8 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини олган.

🔹 АҚШ Ички ишлар департаменти Доналд Трампнинг “Америка буюклиги мероси шарафига” номларни тиклаш бўйича фармони амалга оширилганини эълон қилди. Хусусан, Мексика кўрфази Америка кўрфази деб ўзгартирилди. Трампнинг қарори халқаро миқёсда тан олиниши даргумон. Мексика кўрфази номи халқаро миқёсда эътироф этилган ва юзлаб йиллар давомида денгиз навигация белгиси сифатида фойдаланилган.

🔹 Франция президенти Эммануэль Макроннинг маъқуллаш рейтинги 21 фоизга тушиб кетди. Бу у лавозимга келганидан бери энг паст кўрсаткичдир.

🔹 Конго Демократик Республикаси (КДР)да уруш авж олмоқда. Руанда томонидан қўллаб-қувватланган исёнчи ҳаракати мамлакат шарқидаги Шимолий Киву вилоятининг маркази, 800 минг кишилик Гома шаҳрини эгаллаб олган. Кўп сонли КДР армияси аскарлари қуролларини ташлаб, таслим бўлишган.