Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактаб ўқувчилари касб-ҳунарга ўқитилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрда “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб 9-10-синфларда, 2023-2024 ўқув йилидан - 11-синфларда ташкил этилади.

Касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган яқин ҳудудда жойлашган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва қисқа муддатли курслар очилган таълим муассасаларининг ўқув бинолари, шу жумладан, синф хоналари ва устахоналаридан бепул фойдаланилади.

Мактаб психологи 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказиб, уларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини аниқлайди.

9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши ёки касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касбга тайёргарликни давом эттиришлари учун ўқувчиларни ўқув йили давомида муайян касбга йўналтириш ишлари олиб борилади.

Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида ўқувчилар учун ҳафтасига камида бир марта белгиланган соатлар доирасидан чиқмаган ҳолда ўқиш ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори асосида Низом тасдиқланган бўлиб, унда ўқувчилар учун касб-ҳунар йўналишини ихтиёрий танлаш, бепул таълим амалга оширилиши белгиланган.

Ўқувчиларни касб бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик, тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялаш ҳамда уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб касб-ҳунарга тайёрланади.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2022 йил 7 январдаги 4-7-0-Q/22 қарорига асосан, вилоятда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларининг эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.