Мактаб психологлари ўз вазифасини билмайди. Шунинг учун ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаймоқда

Республикамиз бўйича Самарқанд вилоятида жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Айниқса, бундай нохуш ҳолатлар Қўшработ, Ургут, Самарқанд, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳрида кўп содир бўлган.
Вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг сабаби ўрганилганда, бундай ҳолат кўпинча ота-онаси чет элга ишлаш учун кетган, яъни яқинларини соғинган болалар ўртасида рўй бераётгани аниқланган. Шунингдек, ўсмир ёшдаги болалар ўртасида ишқий муносабатлар ёки оила нотинчлиги ҳам фожиага сабабчи, деб топилган.
Бугун вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида бўлиб ўтган “Аҳил оила – Бахтли мактаб” мавзусидаги ўқув-семинарида ушбу масала ўртага ташланди. Унда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари психологлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
- Шуниси ачинарлики, вилоятда вояга етмаганлар ўртасида содир бўлган ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг бирортаси хавф гуруҳига тушмаган, - деди вилоят прокуратураси бўлим прокурори Хуршид Мусурмонов. – Сабаби, мактабларда фаолият юритаётган психологларнинг айримлари ўз вазифасини билмайди. Мактаблардаги психологларнинг 1323 нафари номутахассис ходимлардир.
Ўқув-семинарда психологларнинг малакасини ошириш, уларга етарлича шарт-шароит яратиш, билим-кўникмаларини ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар муҳокама этилди, самарали таклифлар ўртага ташланди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.