Мактабда иссиқлик таъминотидаги муаммо бартараф этилди
26 февраль куни zarnews.uz телеграм каналида “Файзиобод маҳалласидаги мактабнинг файзи қаерда?” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Унда Тойлоқ туманидаги 42-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар қишки кийимда дарс ўтаётганлиги, спорт залнинг совуқлиги сабабли ўқувчилар қалин кийимларда жисмоний тарбия дарсига қатнашаётганлиги ҳақида сўз юритилган.
Мақолада кўтарилган муаммолар бўйича олиб борилган ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам 2021 йилнинг 26 февраль куни мактабда иссиқлик даражаси меъёрдан паст бўлганлиги аниқланди.
Мактабда жами 3 та қозонлар мавжуд бўлиб, ўша куни иссиқлик тизими ишчи ҳолатда бўлган. Бироқ электр таъминотида узилиш бўлганлиги сабабли қозонларга ўрнатилган сув ҳайдаш насоси ва ҳаво пуркагич варраклари ишламаган.
26 февраль куни мактаб жойлашган маҳалладаги трансформатор қурилмаси таъмирлаш учун олиб кетилганлиги аниқланди. Бунинг натижасида мактабда иссиқлик даражасини меъёрда сақлаш имконияти бўлмаган.
Айни дамда трансформатор ўрнатилиб, мактабнинг иссиқлик тизими меъёрда ишламоқда.
Мактабнинг спорт залида ҳозирда 13 турдаги спорт жиҳозлари мавжуд. Жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги барча умумтаълим мактабларига 7 турдаги спорт жиҳозлари берилиши режалаштирилган.
Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.