Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар жиноят судларига ўтказилади: судларда тайёргарлик қай тарзда?
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги жорий йилнинг 24 июлидаги Фармони мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тарихий босқични бошлаб берди.
Ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини нафақат суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатаётган касб эгалари, балки ҳар бир мамлакатимиз фуқароси тўла англаб етиши шу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланган.
Судларда ишларни адолатли ва тез фурсатда ҳал қилиш учун судьялар ўз фаолияти давомида амалдаги қонун ҳужжатларини адолатли тарзда ва бир хилда қўллай олишлари учун ўз профессионал маҳоратларини доимий равишда ошириб боришлари лозим
Шу мақсадда, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят ва туман (шаҳар) судларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича малакасини ошириш юзасидан режа ишлаб чиқилди.
2020 йил 13 август куни ушбу режа асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш юзасидан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят ва туман (шаҳар) судлари судьялари иштирокида дастлабки ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Фаол савол-жавоблар руҳида олиб борилган мазкур тадбирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўрилиши билан боғлиқ суд амалиётидаги масалалар, ишларни юритишнинг умумий жиҳатлари ва процессуал тартиби, қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди.