Мақсадсиз кредитлар ҳажми бир ойда 10 баробар ортган
Бу ҳақда Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғиОтабек Азимов маълумотида қайд этилди.
О.Азимовга кўра, Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2022 йил 1 мартдан дастурлар бўйича кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари ўзларига бириктирилган маҳаллада дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради. Мазкур қарорга мувофиқ, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2022 йилда 900 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади.
2022 йилнинг ўтган даврида паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, иссиқхоначилик хизматлар соҳаси, тикувчилик, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш йўналишидаги 10 минг 655 лойиҳага жами 285 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юқорида санаб ўтилган йўналишларда 4919 нафар хотин-қизга 109,9 миллиард сўм ҳамда 4438 нафар ёшга 109,5 милллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Кредитлар устувор равишда "дафтар"ларга киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш ва даромадга эга бўлиши учун берилмоқда.
Ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали “оғир” маҳаллаларни ижтимоий-иктисодий ривожлантириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этиш мақсадида ушбу маҳаллаларга бириктирилган тадбиркорларнинг 51 та лойиҳасига 52,7 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш ва кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан мониторинглар ҳам ўтказилди. Жумладан, 2021 йил ноябрь, декабрь ойларида Паст Дарғом тумани, 2022 йил апрель ойида Нуробод туманида танлов асосида 2690 мижозга ажратилган 84,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар мониторинг қилинди. Унда 291 мижозга ажратилган 7049 миллион сўмлик, шундан, Паст Дарғом туманида 6510 миллион сўмлик, Нуробод туманида 540 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар мақсадсиз сарфлангани аниқланган.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида жорий йилнинг март ойида 2897 та лойиҳага ажратилган 87,1 миллиард сўмлик лойиҳалар ҳам тижорат банклари томонидан танлов асосида мониторингдан ўтказилди. Ўрганишларга кўра, 29 лойиҳага ажратилган 834 миллион сўмлик имтиёзли кредитдан мақсадсиз фойдаланилган.
Жумладан, Иштихон туманида 8 та (256 миллион сўм), Паст Дарғомда 4 та (94,5 миллион сўм), Пахтачида 3 та (96,5 миллион сўм), Самарқанд шаҳрида 3 та (75,9 миллион сўм), Каттақўрғон туманида 2 та (65,6 миллион сўм), Пайариқда 2 та (65,6 миллион сўм), Тойлоқда 2 та (66 миллион сўм), Ургутда 2 та (50 миллион сўм), Булунғурда 1 та (20 миллион сўм), Оқдарёда 1 та (26,1 миллион сўм), Каттақўрғон шаҳрида 1 та (18 миллион сўм) кредитлар мақсадсиз сарфланган.
Ушбу мақсадсиз сарфланган кредитларнинг 528 миллион сўми “Агробанк”, 190 миллион сўми Халқ банки ҳамда 117 миллион сўми “Микрокредитбанк” филиаллари томонидан ажратилган кредитлар хиссасига тўғри келади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида апрель ойида ажратилган кредитлар танлов асосида мониторингдан ўтказилганда, 303 субъектга ажратилган 8,9 миллиард сўм кредит мақсадсиз сарфлангани аниқланди. Ачинарлиси, мақсадсиз сарфланган имтиёзли кредитлар айрим туманларда апрель ойида март ойига нисбатан деярли 10 баробарга ошган.
Жумладан, Ургутда 58 та (1,8 миллиард сўм), Қўшработда 47 та (1,5 миллиард сўм), Каттақўрғон туманида 58 та (1,8 миллиард сўм), Пайариқда 23 та (675 миллион сўм), Оқдарёда 21 та (658 миллион сўм), Иштихонда 20 та (578 миллион сўм), Самарқанд шаҳрида 12 та (362 миллион.сўм), Нурободда 12 та (356 миллион сўм) кредит маблағи мақсадсиз сарфланган.