Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутахассис минбари: Полиз экинларни бактериал доғланиш касаллигидан қандай қутқариш мумкин?

Қовоқдошлар оиласига мансуб экинлар, яъни қовун, тарвуз, бодринг ва бошқаларни етиштирувчилар бу йилги серёғин шароитда кенг тарқалган бактериал доғланиш касаллиги билан курашишига тўғри келади.

Касаллик қўзғатувчиси бўлган бактерия барча қовоқдош экин экилган майдонларда тарқалган. Касаллик бу турдаги экинларнинг барчасини зарарлайди, шунингдек, бодринг экинига катта зарар етказади. Касаллик белгилари биринчи навбатда баргларнинг пастки қисмида кичик намланган доғлар сифатида намоён бўлади. Баргнинг майда томирлари билан чегараланганлиги сабабли бурчак шаклини олади, шунинг учун ҳам кўпинча бурчакли бактериал доғланиш ҳам дейилади.

Юқори намлик шароитида баргларнинг пастки юзасида нам доғлардан сут рангли оқинди пайдо бўлади. Бу экссудат (ўсимлик танасидан оқиб чиқадиган оқиш модда) қуриганида унинг ўрнида оқ қобиқ ҳосил бўлади. Вақт ўтиши билан доғлар жигаррангга айланади ва уларнинг атрофида сариқ чегара пайдо бўлади. Охир-оқибат, доғларнинг марказий қисми қуриб тушади, бу эса баргларнинг йиртиқ кўринишига олиб келади. Поялари, барглари ва меваларидаги инфекциянинг биринчи белгилари нам шароитда намланган доғлар кўринишида пайдо бўлади. Бунда ҳам сутли экссудат кузатилиши мумкин, қуриганидан кейин мос келадиган оқ қобиқ пайдо бўлиб, булар ёш мевалар инфекция манбаи ҳисобланади. Ёш мевалар деформацияга учрайди, ҳўл чириш касаллиги билан иккиламчи зарарланишга дучор бўлади.
Касаллик зарарланган уруғлар, кўчатларни экиш натижасида юзага келиши мумкин ёки далада соғлом ўсимликларга инфекция манбаи бўлган касал ўсимлик қолдиқларидан ёки ўзи ўсиб чиққан ўсимликлардан юқади.

Касалликнинг пайдо бўлиши, кўпроқ қумли тупроқларда экилган экинлар учун қулайдир. Шамол натижасида қум ўсимлик тўқималарига зарар етказади ва инфекция ривожланишига шароит туғилади. Серёғин нам шароитлар касалликнинг ривожланишига ёрдам беради.

Хўш, касалликка қарши қандай курашилади? Бунинг учун бир йил қовоқдошлар экилган далага 2 йил қовоқдошлар экмаслик тавсия этилади. Чунки бу экин экилган жой қовоққа мослашган касаллик ўчоғи ҳисобланади. Шунингдек, ёмғирлатиб суғоришни чеклаш, унинг ўрнига томчилатиб суғориш лозим. Бундан ташқари, ўсимлик ҳўл пайти экин ичига ораламаслик керак. Таркибида мис бўлган препаратлар билан ишлов бериш касалликнинг тарқалишини яхши назорат қилади. Касалликка чидамли навларни экиш ҳам кутилган самара беради.

Алишер МАҲМАТМУРАДОВ,
Самарқанд агроинновациялар ва
тадқиқотлар институти профессори.
Норжигит НИШОНОВ, доцент.