Метан «заправка»лар иш вақти бўйича чеклов жорий этилади

Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистонда 17 ноябрдан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик, куннинг маълум, яъни кечки ва тунги вақтлари оралиғида чекловлар жорий қилинади.

Маълум бўлишича, графиклар маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқлангани туфайли жойларда АГТКС иш вақти фарқланиши мумкин.

Энергетика вазирлиги расмий вакилининг айтишича, чекловдан мақсад биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик станцияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат.

“Ҳурматли истеъмолчилар, вақтинчалик чеклов чоралари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилгунга қадар давом этади ҳамда АГТКШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтишини маълум қиламиз” дейилади мурожаатда.