Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Молиявий имконияти чекланган ўқувчиларга имконият яратиляпти

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан ташкил этилган.

Бугунги кунда агентликнинг вилоят бўлими самарали ўқув методикалар, дастур ва дарсликларни ҳар бир поғоналарда, яъни боғча, мактаб, лицей, олийгоҳлар, ўқув марказлар ва корхоналарда жорий этяпти. Олис ҳудудларда чет тилларни билиш даражаси паст, сифатли ўқув дастур ва дарсликлар етишмайди. Бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий вакиллар ташкил этиб, чекка туманларда ҳам имконият яратиш мақсадида чет тилига ихтисослашган мобил гуруҳлар ташкил этиляпти. Каскад тамойили асосида пойтахтдан тажрибали тренерларни жалб қилган ҳолда вилоят миқёсида қисқа малака ошириш курсларини ташкил қилиш орқали яхши натижаларга эришиляпти. Хусусан, ўтган даврда вилоятимизда 1500 дан ортиқ педагоглар малакаси оширилди. Паст Дарғом, Пайариқ, Пахтачи туманларида 100 дан зиёд мактаб ўқитувчилари халқаро сертификатга эга бўлди. Ваҳоланки, бир йил аввал мазкур туманларда бирор бир ўқитувчида халқаро ва миллий сертификат йўқ эди.

Маълумки, хорижий тил сертификатига эга бўлган ўқитувчилар ойлик маошларига 50 фоиз устама олиши қонунчиликда белгиланган. 

Бугунги кунда “Innovative Centre” каби марказлар билан ҳамкорликда чекка ва олис ҳудудларда фаолият бошлаган ўқув марказларининг ривожланиши учун китоблар ва дастурларни беминнат етказиб бериляпти. Ушбу марказда билимли, аммо молиявий жиҳатдан имконияти чекланган ўқувчиларга IELTS имтиҳонларининг молиявий жиҳатдан қулай бўлган Linguaskill, CEFR ва ўқитувчилар учун ТКТ каби чет элда тан олинадиган нуфузли халқаро имтиҳонларни топшириш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, агентлик боқувчисини йўқотган, “темир дафтар”ларда рўйхатда турувчи ўқувчиларга турли субсидиялар ва юқори натижа қайд этган ўқитувчиларга имтиҳон тўлови учун қилинган харажатларини қисман ёки тўлиқ компенсация қилишни мақсад қилган.

Халқаро “ММ Нашрлари” билан ҳамкорликда вилоятимизда республикада ягона бўлган жаҳон андозалари асосида “Smart kutubxona” лойиҳаси учун 300 минг евро грант ажратаётгани қилинаётган ишларнинг самарасидир. Smart kutubxona нафақат электон китоблар, балки 20 мингта қоғоз китоблар жамланадиган марказ. Ушбу кутубхонада ўқувчилар ва барча чет тилига қизиқувчилар бепул фойдаланиш имконияти яратилган.

Муҳаммадхон Солиев,

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги

Самарқанд вилоят ҳудудий вакиллик раҳбари.