Монопол соҳалар тартибга солиниб, рақобат ривожлантириляпти(ми?)

Ўтган йили вилоят бўйича истеъмолчилар фойдасига 3 миллиард 450 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шундан 3 миллиард 263 миллион сўми электр таъминоти, 186 миллион сўми сув ва оқова хизматлари соҳасига тўғри келади.

Шу билан бирга, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш юзасидан ўрганиш ўтказилиб, кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ундириш ҳолатлари аниқланган. Натижада аҳоли томонидан истеъмол қилинмаган суюлтирилган газ учун асоссиз олинган 244 миллион 649 минг сўмлик маблағ ундирилган.

Ушбу факт ва рақамлар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.

Анжуманда ҳудудий бошқарма томонидан 2024 йилда амалга оширилган ҳамда жорий йилда режалаштирилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахтадан олинган чигит, пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелуха маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган. Ўтказилган ўрганишлар давомида вилоятдаги 4 та пахтачилик кластерлари, яъни “Самарқанд камалак инвест текстил” МЧЖ, “Пайариқ янгиер текстил” МЧЖ, “Пайариқ кластер” МЧЖ, “Самарқанд коттон кластер” МЧЖлар томонидан маҳсулотлар биржа савдоларига тасдиқланган графикларга асосан қўйилмасдан, тўғридан тўғри шартномалар орқали сотилганлик ҳолатлари аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Инсофсиз рақобат ҳолатларига чек қўйиш бўйича бўйича 2 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар ҳудудий бошқарма томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, инсофсиз рақобатга йўл қўйган корхоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.

Ҳудудий бошқарма томонидан танлов (тендер) ва Давлат харидларида рақобатни таъминлаш ҳам тегишли назоратга олинган. Вилоятда ўтган йил давомида жами 1846 та танлов савдолари ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида 1734 та танлов савдоларида жами 1742 та камчилик аниқланган. Шундан, 8 ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик бўйича, 1734 ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузилиши аниқланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар билан биргаликда жойларда доимий хатлов ишлари олиб борилган.

Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича 2024 йил давомида 4531 та , жумладан 72 та телевидениеда, 61 та радиода, 3952 та ташқи реклама объектларида, 417 та ижтимоий тармоқларда мониторинг ўтказилган.

Ўтказилган ўрганиш (мониторинг)лар натижасида “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда қарор талабларига мос келмайдиган 3270 та ҳолат  аниқланган. Амалга оширилган ишлар натижасида 3259 та камчилик жойида бартараф этилган ҳамда 11 ҳолатда муддатида бартараф этилмаганлиги сабабли ҳудудий бошқарма томонидан ваколат доирасида таъсир чоралари кўрилиб, реклама эгаларига нисбатан 264,0 млн. сўм молиявий санкциялар қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.