Мулоҳаза: Коррупция қаердан пайдо бўлади?
Барчамиз "Биз коррупцияга қаршимиз", "Коррупция бўлмаган жойда адолат бўлади" деган гапларни кўп эшитганмиз. Телевидениеда ва ижтимоий тармоқларда ҳам коррупцион ҳолатларнинг олди олингани ҳамда уларга жазо қўлланилгани ҳақидаги кўрсатувларни кўп кузатамиз.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ўзи аслида коррупция қандай вужудга келади? Нима сабабдан шунча чоралар қўллаганимиз билан яна бу ҳолатлар такрорланади?
Содда қилиб айтганда, коррупция бу қайсидир ишни ноқонуний йўл билан ҳал қилишдир. Шундай экан, кўпинча коррупцион ҳолатнинг юз берганлиги фақатгина ушбу иш ҳал этилмаган тақдирда ошкор бўлади. Яъни, кимдир ишингизни ҳал қилиб бериш эвазига сиздан пул олса ва ишингизни ҳал қилиб бера олмаса, шундан кейин сизнинг ҳуқуқларингиз ёдингизга тушади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қиласиз.
Фақат бир нарсани эътиборга олиш керак: "Коррупцион жиноятлар содир этилганда, пуллар давлат томонидан мусодара этилади". Яъни, пора сифатида берилганда қўлга олинган пуллар, эгаларига қайтариб берилмайди.
Коррупция маълум бир тармоқ доирасидаги иллат эмас, у аллақачон бутун дунёда жамиятнинг барча бўғинлари, иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг жон томирига кириб улгурган. Ўзини ҳурмат қилган, юрт тараққиётининг эртасини ўйлаган ҳар бир фуқаро бу иллатга қарши туриши, йўлига тўғаноқ бўлиши лозим. Шундай бўлган мамлакатлардагина коррупция даражаси камроқ.
Тўғри, ҳозирги кунда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ишлари давом этмоқда. Бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Аммо, авваламбор, ўзимиз ҳам коррупцияга қарши курашиш борасидаги тушунчамизни шакллантиришимиз лозим.
Яқинда бир ҳолат эътиборимни тортди. Такси билан бир жойга бораётган эдим. Йўлда бир аёл чамаси 8-10 ёшлардаги қизчаси билан машинамизга минди. Ҳайдовчи йўл бўйи аёл билан суҳбатлашиб борди. Аёлнинг айтишича, улар руҳий касалликлар шифохонасига касаллик тўғрисида маълумотнома ва ташхис натижаларини олиш мақсадида бораётган экан. Ҳайдовчи аёлнинг гапларини тинглаб бўлгач:
— Опажон, маълумотнома ёки ташхис натижалари учун эртага ёки ундан кейинги кунда келинг, деб айтиши мумкин. Аслида бу оддий бир иш, бир соатга ҳам бормайди, тайёр қоғозни тўлдириб, муҳр босиб беришади. Агар шифокор сизга шундай деб айтадиган бўлса, қўлига эллик минг сўм берсангиз, дарров ишингизни ҳал қилиб беради. Шундай қилмасангиз булар сизни анча сарсон қилишади. Тумандан келаётган экансиз, сарсон бўлманг дейманда, - деб жавоб берди. Аслида ундай бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳайдовчининг бундай ишончи мени ҳайратда қолдирди.
Бу коррупцияга мойиллик ишқилиб кейинги авлодга мерос сифатида қолмасин-да.
Шоҳрух Ашуров.