Мутахассислар коронавирус юқса қандай ҳолатларда ўлим хавфи юқори бўлишини маълум қилишди

Италиялик шифокорлар коронавирус билан касалланганида ўлим хавфини оширадиган касалликлар рўйхатини маълум қилишди. Бу ҳақдаги ҳисобот simit.org порталида эълон қилинди.

Унга кўра, юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолар алоҳида хавф туғдиради. Шу боис бундай муаммолари бор кишиларда инфекция туфайли ўлим хавфи 10,5 фоизни ташкил этмоқда.

Инфекция қандли диабет билан касалланган одамлар учун ўлим хавфи бошқаларга нисбатан 7,3 фоизга юқори.

Кузатишларда сурункали нафас олиш йўллари билан касалланганлар учун хавф 6,5, юқори босим билан юрадиганларда 6, саратон касаллигига чалинганлар учун 5,6 фоизга юқорилиги маълум бўлган.

22 мартга келиб, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 306 395 кишига етган.

Инфекция туфайли 13031 киши ҳаётдан кўз юмган. Инфекцияни юқтириб олган 92335 киши тузалган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимизда ушбу инфекцияни 42 киши юқтириб олган. Беморларнинг орасида аҳволи оғирлари йўқ. Уларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари асосида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Манба: xs.uz