Мутолаа: Фолбин. (Ҳикоя)
Карел Чапек
Ҳар қандай фаросатли одам бу воқеа бу ерда эмас, Францияда ҳам эмас, ҳатто Германияда ҳам бўлиши мумкин эмаслигини тушуниб олади. Чунки маълум бўлишича, бу мамлакатларда, судьялар ҳуқуқбузарларни ўз нуқтаи назари ёки виждон амри билан эмас, қонун хатига кўра ҳукм қилишлари ва жазолашлари шарт.
Ҳикоямиздаги ўз қарорини қонун моддаларига эмас, балки соғлом фикрга асосланиб қабул қиладиган судья борлиги сабабли, бу Англияда, хусусан, Лондонда, аниқроғи Кенсингтонда... йўқ-йўқ, эҳтимол, Бромптон ёки Бейсуотерда содир бўлганлигини билиб олдик. Ишни кўриб чиқаётган судья, жаноб Келли қонунлар устаси, аёлнинг исмиэса оддийгина Эдит Мейерс хоним эди.
Бу ҳурматга сазовор хоним полиция комиссари Мак-Лирининг эътиборини тортди.
- Азизим, - деди Мак-Лири бир куни кечқурун хотинига. - Мейерс хоним хаёлимдан чиқмаяпти. Унима ортидан кун кўраётганини билсам эди. Ахир, февраль ойида у ошпазни сарсабил (спаржа) сотиб олиш учун бозорга юборади! Бундан ташқари, кунига унинг уйига дўкондордан тортиб герцог хотинигача одам келиб кетади. Биламан, азизим, сиз эҳтимол, у фолбинлик қилади, деб айтарсиз. Лекин бошқа бир жирканч нарса бўлса-чи, масалан, қўшмачилик ёки жосуслик? Шуни аниқлаб олишим керак.
- Майли, Боб, - деди ўзи ҳам қизиқиб қолган Мак-Лири хоним, - бу ёғини менга қўйиб беринг.
Эртаси куни енгил-елпи кийинган, сочлари жингалак миссис Мак-Лири албатта, никоҳ узугисиз, турмушга чиқиш муддати анчагина ўтиб кетган пишиқ қиздек, миссис Мейерс эшик қўнғироғини босди. Ичкарига киргач, Мейерс хоним уни қабул қилгунга қадар, уни бироз кутишига тўғри келди.
- Ўтиринг, иним, - деди кекса аёл “уятчан” меҳмонни зимдан кузатар экан, - сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
— Мен... мен..., — дудуқланди Мак-Лири хоним. - Истардимки... эртага мен... йигирма ёшга тўламан... Келажагимни билишни жуда хоҳлардим.
- Оҳ, хоним... маъзур тутасиз, исмингиз... — сўради миссис Мейерс, карталар дастасини аралаштира туриб.
- Жонс...- пичирлади миссис Мак-Лири.
- Азизим Жонс, - давом этди Мейерс хоним, - сиз адашибсиз, мен фолбинлик қилмайман. Баъзида ҳар қандай кекса аёл каби ўз танишларим учун карталарни ёяман. Чап қўлингиз билан карталарни олиб, уларни беш тўдага бўлинг. Баъзида мен зерикканимдан карталарни тахлайман, лекин умуман олганда.... Ҳа! - хитоб қилди у биринчи тўдани ағдариб. – Ғиштинлар, бу сизга пул келяпти, дегани. Таппон валет. Ажойиб карталар!
- Оҳ! - деди Мак-Лири хоним. – Кейин-чи?
- Ғиштин валет, - эълон қилди Мейерс хоним иккинчи тахламни очиб, - бу узоқ йўл. Лекин чилликлар ҳар доим муаммо, зарба дегани. Қаранг-а, охирда – таппон мотка.
- Бу нима дегани? – сўради Мак-Лири хоним диққат билан унга тикилиб.
- Яна ғиштинлар, - ўйга толди миссис Мейерс учинчи тўпламни очар экан. - Иним, сизни бойлик кутмоқда. Кимдир узоқ сафарга кетади, аниқ айтолмайман бу сиз бўласизми ёки яқинларингиздан бири.
- Мен аммамни кўриш учун Саутгемптонга боришим керак, - деди Мак-Лири хоним.
- Йўқ, бу узоқ йўл, - деди фолчи аёл яна бир тўда картани очиб. – Қандайдир кекса қирол сизга халал бермоқчи бўлади.
- Балки, дадамдир! – хитоб қилди Мак-Лирихоним.
- Ҳа, шунақами ҳали! — тантанали равишда тасдиқлади фолбин охирги тўпламни очиб. - Ҳурматли мисс Жонс, сизга мен ҳаётимда очган энг бахтли карталар тушди. Сиз бир йил ўтмасдан турмушга чиқасиз. Ёш ва жуда, жуда бой қирол - миллионер сизга уйланади. Кўп саёҳат қилганига қараганда, тадбиркорга ўхшайди. Лекин у билан бирга бўлишингиз учун сиз катта тўсиқларни енгиб ўтишингиз керак бўлади. Айтганимдек, кекса қирол йўлингизга тўсқинлик қилади. Лекин сиз ўз сўзингизда туришингиз керак. Турмуш қурганингиздан сўнг, сиз бу ердан узоққа, эҳтимол, чет элга кўчасиз... Бори шу! ...Сиздан бир гинея (тилла танга).
- Мен сиздан жуда миннатдорман, - деди Мак-Лири хоним ҳамёнидан бир гинея чиқариб. - Жуда миннатдорман! Айтинг-чи, Мейерс хоним, агар тўсиқларсиз бўлса, қанча бўлади?
- Тақдир сотилмайди, - деди кампир виқор билан. — Дадангиз нима иш қилади?
- У полицияда хизмат қилади, - соддадиллик билан ёлғон гапирди Мак-Лири хоним. –Детективлик бўлимида.
- Яхши! - деди фолбин ва учта картани олди.
- Ишлари пачава... ростдан ҳам жуда ёмон... Унга айтинг, азизим, у жиддий хавф остида. Олдимга келиб, тафсилотларни билиб олса, зарар қилмайди. Скотланд-Ярддан жуда кўп одам келади, қайғуларибилан баҳам кўришади, мен уларга карта ёяман, отангизни ҳам юборинг. Чамамда, у сиёсий полицияда хизмат қилади. Жаноб Жонс. Унга айтинг, мен уни кутаман. Хайр, азиз мисс Жонс...
- Бу иш менга ёқмаяпи, - деди жаноб Мак-Лири ўйчан бошини қашиб. - Ёқмаяпти, Кэти! - Бу хоним марҳум отангиз билан жуда қизиқяпти. Бундан ташқари, унинг фамилияси Мейерс эмас, балки Мейергофер ва у Любекдан келган экан. Жин урсин, бу немис аёлни, қандай қилиб уни қўлга олсам экан? Аминман, у одамлардан ўзини қизиқтирадиган маълумотларни суғуриб олади. Мен бошлиққа хабар бераман.
Расмийлар жаноб Мак-Лирининг сўзларини эътиборсиз қолдирмади ва кекса Мейерс хоним судья, жаноб Келли ҳузурига чақирилди.
- Хўш, миссис Мейерс, - деди судья, - қанақа фолбинлик бўлди бу?
- Оҳ, жаноб, - жавоб берди кампир. - Бирор нарса ортидан тирикчилик қилишим керак-ку. Менинг ёшимда шоуларда рақсга тушиб, кун кўриб бўлмаса...
- Ҳм, - деди судья, - лекин сизни нотўғри фолбинликда айблашмоқда. Ҳурматли миссис Мейерс, бу шоколад ўрнига лойдан тайёрланган конфетлар сотувига ўхшайди. Бир гинея эвазига одамлар ҳақиқий фолбинга бориш ҳуқуқига эга. Айтингчи, уддасидан чиқмасангиз, нега тахмин қилиб, уларни чалғитасиз?
- Баъзилар шикоят қилмайди, - ўзини оқлади кампир. - Биласизми, мен одамларга нима ёқиши мумкинлигини олдиндан айтиб бераман, бундай хурсандчилик ҳатто бир неча шиллинг тўлашга арзийди. Кўп ҳолларда айтганларим тўғри бўлиб чиқади. Ўтган куни бир хоним менга “Мейерс хоним, ҳеч ким менинг тақдиримни сиз каби аниқ айтиб бермаган эди”, - деди. У Сент-Жон-Вудда яшайди ва эри билан ажрашмоқчи...
- Тўхтанг, - деди судья унинг гапини бўлиб. - Сизга қарши гувоҳ бор. Мак-Лири хоним, ҳаммаси қандай бўлганини айтиб берсангиз.
- Мейерс хоним менга карталарда фол очди, -деди миссис Мак-Лири, - нима эмиш, бир йил ичида турмушга чиқармишман. Ёш бой йигит менга уйланар экан ва у билан океан ортига кетар эканман.
- Нега айнан океан ортига? – сўради судья.
- Чунки иккинчи тахламда ўн қарға бор эди. Мейерс хоним бу йўл эканлигини айтди.
- Бемаънилик, - тўнғиллади судья. - Ўн қарға, бу -умид. Ғиштин валет йўл ҳақида дарак беради. Агар унинг ёнида ғиштиннинг еттиси бўлса, бу пул билан узоқ саёҳатни англатади. Мени алдаб бўпсиз, Мейерс хоним. Хў-ў-ш, сиз гувоҳга бир йилдан камроқ вақт ичида у бой йигитга турмушга чиқишини айтдингиз, у эса аллақачон уч йил олдиннамунали полиция комиссари Мак-Лири билан турмуш қурган. Бундай номувофиқликни қандай изоҳлайсиз?
- Худойим, - хотиржам жавоб берди кекса аёл, - хатолар бўлиб туради. Бу хонимча олдимга башанг кийимда келди, унинг чап қўлқопи йиртилган эди. Бу унинг пули кўп эмаслигини англатади, яна у мени чалғитмоқчи бўлиб, йигирма ёшда эканлигини айтди, лекин ўзи йигирма беш ёшда...
- Йигирма тўртда! – хитоб қилди Мак-Лири хоним.
- Фарқи йўқ. У турмушга чиқмоқчи бўлиб турганлиги аниқ эди - у ўзини ёш хонимлардек тутарди. Шу сабабли мен унинг учун энг муносиб нарса никоҳ ва бой куёв деб ўйлаб, шундай фол очдим.
- Қийинчиликлар, кекса қирол ва хорижга саёҳатнинг бунга қандай алоқаси бор?
- Таассуротларни бойитиш учун, - очиқчасига тан олди Мейерс хоним. - Гинея эвазига қоп-қоп гапайтиш керак ахир.
- Етар, - деди судья. - Мейерс хоним, бундай фолбинлик фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Сиз моҳирона башорат қилишни ўрганишингиз керак. Бу масалада турли хил назариялар мавжуд, лекин ёдингизда бўлсин, ўн қарға ҳеч қачон йўлни англатмайди. Маҳсулотларни сохталаштириш ва қалбаки товарларни сотиш тўғрисидаги қонун асосида сизни эллик фунт жаримага тортиш тўғрисида ҳукм қиламан. Қолаверса, сизни жосусликда гумон қилишяпти, менимча, буни тан олмасангиз керак?
- Эй, Худо!.. - хитоб қила кетди Мейерс хоним, лекин судья унинг гапини бўлди:
- Етар, масала ҳал бўлди. Сиз хорижлик шахс ва маълум бир касб эгаси бўлмаганингиз сабабли, уларга берилган ҳуқуқдан фойдаланиб, сиёсий назорат органлари сизни мамлакатдан чиқариб юборишади. Хайр, Мейерс хоним, раҳмат Мак-Лири хоним. Унутманг, Мейерс хоним, бундай фолбинлик уят ва беадабликдир.
— Афсус, — хўрсинди кампир. —Эндигина мижоз тўплай бошлагандим.
Бир йил ўтиб, судья Келли ва комиссар Мак-Лири учрашиб қолишди.
Мак-Лири афтини буриштирди.
– Биласизми, жаноб Келли, – деди у хижолат тортиб, – Миссис Мак-Лири... Бир сўз билан айтганда, биз ажрашдик.
- Бўлиши мумкин эмас! - ҳайрон бўлди судья. –Шундай жозибали, ёш аёл-а!
- Ҳамма гап шунда-да, - ғўлдиради Мак-Лири, - йўқ жойдан, бир олифта... миллионер, мельбурнлик савдогар унга ошиқ бўлиб қолибди... Мен қўлимдан келганча уни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилдим,лекин... Мак-Лири қўлини умидсиз силкитди. - Бир ҳафта олдин улар Австралияга жўнаб кетишди.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.