Нега магистратура босқичида ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди?
Бугун, 25 июль куни АОКАда ташкил этилган штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев иштирокида брифинг ўтказилиб, ҳамюртларимизнинг саволларига жавоб берилди.
Магистратура олий таълимга кирмайдими?! Ушбу аноним мурожаатда муаллифи нима сабабдан магистратура босқичида ўқишни кўчириш мумкин эмас, деган савол билан бир неча юрист ва адвокатларга мурожаат қилиб, тайинли жавоб ололмаганини маълум қилган.
Фарҳод Бабашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
- Республика ОТМларига, шу жумладан, хорижий ОТМлардан талабаларнинг ўқишини кўчириш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Мазкур Низомнинг 23 (2)-бандига мувофиқ хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмаслиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги Низомга мувофиқ магистратура талабаларига биринчи ўқув йилининг биринчи икки ойида магистрлик диссертациялари мавзулари ва уларга бириктирилган илмий раҳбарлар тасдиқланади.
Магистратура талабаларининг магистрлик диссертацияларини тайёрлаш жараёни биринчи курснинг биринчи семестридан бошланади. Магистратура талабалари ўқишининг кўчирилиши натижасида уларнинг қолган муддатда магистрлик диссертацияларини янгидан белгиланган талаблар даражасида тайёрлаш имкони мавжуд эмас.
Юқоридагиларга кўра, магистратура босқичида талабалар ўқишини кўчириш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланади.