Самарқанд ҳақида сўз: Дунё қалбларини бирлаштирган мактублар марафони

Ҳар йили кузда икки ой давом этадиган кенг қамровли маданий-маърифий марафон — “Самарқанд ҳақида сўз: бу шаҳар ҳақида ўйлагимиз, орзу қилгимиз ва сўзлагимиз келади” номли халқаро мактублар кунлари ўтказилади.

Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ҳузуридаги “Инсон. Маданият. Тинчлик” илмий-маърифий маркази ҳамда “Самарқандиёна” энциклопедик лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этиладиган ушбу халқаро ташаббуснинг бош мақсади — халқ дипломатияси воситасида Самарқанд ҳақидаги сўзлар, фикрлар ва туйғулар бутун дунё бўйлаб янграши, бу қадимий шаҳар номи инсоният хотирасида яна бир бор жонланишидир.

Ушбу маданий-маърифий марафон бу йилги ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланиб, жаҳон илмий ва маданий ҳамжамиятининг эътибори айнан Самарқандга қаратилган бир паллада ўтказилаётгани билан янада рамзий аҳамият касб этади.

Бу лойиҳа доирасида ёзилган минглаб мактублар турли тилларда дунёнинг барча бурчакларига учиб кетди.

Ҳар бир мактуб, ҳар бир сўз орқали инсон ўзининг қадимий шаҳар ҳақидаги тасаввурини бошқаларга етказади. Шу тариқа яна бир бор Самарқанд халқлар ва маданиятлар, анъаналар ва янгиликлар, Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимол учрашадиган маскан сифатида ёдга олинади.

Биз бу сафар Самарқандни юрагида яшаган барча инсонларга мурожаат қилдик: Сиз учун Самарқанд нимани англатади? У сизнинг хотирангизда қандай манзараларда, қандай ҳисларда яшайди? Ва энг муҳими — бугун сиз унга нима тиламоқчисиз?

Бу саволларга жавоб сифатида ёзилган ҳар бир мактуб, айтилган ҳар бир сўз одамларни бир-бирига яқинлаштирувчи кўприк, инсониятни ягона қадриятлар атрофида бирлаштирувчи юрак садосидир. Бу ташаббусга дунё илм-фани, маданияти ва сиёсати намояндалари, шунингдек, турли мамлакатлардан оддий инсонлар ҳам қўшилмоқда. Чунки Самарқанд бу шунчаки шаҳар эмас. Бу — юракларда яшайдиган, тафаккурда акс этадиган, инсонни бирлаштирадиган руҳдир.

Дунёнинг энг олис бурчаги — қуёшли Австралиядан дастлабки мактуб етиб келди. Унда шундай сатрлар бор эди:

“Мен ҳеч қачон сизнинг шаҳрингизда бўлмаганман, ҳатто унга яқин жойларга ҳам бормаганман. Аммо нега, билмадим, ‘Самарқанд сўзи тилга олинган заҳоти хаёлимда бу шаҳар билан боғлиқ узун ва ҳайратомуз тарих, турли халқларнинг тақдирлари туташган манзаралар жонланади. Сизларга олис Австралиядан самимий салом!”

Бу сўзлар муаллифи — таниқли ёзувчи ва педагог Тревор Стил, эсперанто тилида ёзилган қатор ҳикоя, қисса ва романлар муаллифи. Унинг самимий сўзларида бир ҳақиқат мужассам — Самарқанднинг сеҳрли номи ҳатто у бориб кўрмаган юракларни ҳам забт этади.

 

Навбатдаги мактуб кунчиқар давлат — Япониядан, Токио шаҳридан келди. Унинг муаллифи – дунё дипломатиясида ўз ўрнига эга шахс, ЮНЕСКОнинг собиқ Бош директори доктор Коитиро Мацура. “Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан сизларни самимий табриклайман. Мен сизнинг “2760 йиллик” шаҳрингизда ўтадиган бу нуфузли анжуман муваффақиятли ташкил этилиб, Самарқанд тарихида янги, шонли саҳифа очишига чин дилдан ишонаман. Сизларга бу олижаноб миссиянгизда янада юксак зафарлар тилайман!”

 Коитиро Мацура — Япониянинг таниқли дипломати ва жамоат арбоби, Япония–Африка жамиятининг президенти, шунингдек, ЮНЕСКО Бош директори (1999–2009) лавозимида фаолият юритган.

 Бу галги мактуб АҚШдан, Нью-Йорк штатининг Итҳаcа шаҳридан келди. Уни ким ёзган, биласизми? — 1981 йил кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори, таниқли олим ва файласуф, профессор Роалд Хоффман.

У шундай ёзади: “Сизнинг лойиҳангиз учун Самарқанд ҳақида бир парча сўз ёзмоқчиман. 1960–1961 йилларда Совет Иттифоқида бир йил илмий амалиёт ўтаганимизда, америкалик аспирантлар гуруҳи билан Марказий Осиё ва Кавказ бўйлаб саёҳат қилган эдик.  Ўша пайтдаги — бундан олтмиш тўрт йил аввалги — Самарқанд ва Бухородан олган таассуротларимизни ҳанузгача унутганимиз йўқ. Улуғбек расадхонасини зиёрат этиш — олим учун беқиёс руҳий тажриба. У ерда туриб, инсон гўё буюк астроном билан бевосита мулоқотга киришгандек бўлади — орадан ўтган олти аср бирдан йўқолади.

 Биз Улуғбек билан бирдирмиз: осмон томон кўтарилган мовий гумбазлар шаҳрини бир хил тасаввур қиламиз. Бизни бирлаштирадиган нарса — гўзалликни ҳис этиш ва оламни билиш истаги.”

Профессор Хоффман, шунингдек, “Самарқанд ҳақида сўз – 2025” Халқаро мактублар кунлари натижаларини интизорлик билан кутаётганини билдирди.

Бу сатрларда бир ҳақиқат бор: илм ва санъат тили ҳар ерда бир — Самарқандни ҳис этган юраклар чегарани танимайди.

Австриянинг таниқли давлат ва сиёсат арбоби, Европа Иттифоқининг собиқ ташқи алоқалар бўйича комиссари, доктор Бенита Ферреро-Валднер Самарқандга бағишлаб шундай сўзлар ёзади: Буюк Ипак йўлининг юраги бўлган Самарқанд ўзининг ўтмишдаги нафосати ҳамда ҳозирги жозибаси, донишманд қиёфаси ва маънавий салоҳияти билан мени ҳайратга солди. Бу шаҳар — тарих ва тафаккур, илм ва гўзаллик уйғунлигининг беқиёс тимсолидир. Самарқанд —чинакам мўъжиза!».

Унинг сўзларида бир ҳақиқат бор — Самарқанд ҳақида сўз айтган киши, аслида инсониятнинг ўз юксак қадриятлари ҳақида сўзлайди.

Россия Халқ рассоми, Халқ санъати академиясининг аъзоси, асл келиб чиқиши самарқандлик бўлган Виталий Петрович Губарев эса ўз мактубида қуйидагича ёзади: “Азиз Самарқанд! Сен ҳақингдаги 3000 йиллик тарихий хабарни эшитиб, юрагим қувончга тўлди.

 

Болалигим ўтган, руҳимни тарбиялаган шаҳрим — мен сени чин дилдан табриклайман! Сен — Шарқ гўзаллиги, инсоний донолик, меҳр ва саховатнинг тимсолисан. Тинчлик, муҳаббат ва бахт шаҳри бўлиб абадий яшагин! Сенга меҳнатда барака, илмда шон-шуҳрат ва тараққиёт йўлида битмас-туганмас куч тилайман!”.

Бу сатрларни ўқир экансиз, оддий рассомнинг қалбидан чиққан сўзлар нақадар самимий, нақадар юксак эканини ҳис қиласиз. Зеро, Самарқанд — бу фақат харитада эмас, балки юракларда яшайдиган шаҳар.

Навбат АҚШ пойтахти Вашингтондан “Марказий Осиё ва Кавказ” институти директори, таниқли олим, профессор Фредерик Старрнинг чуқур маъноли мактуби етиб келди. У сўзини илиқ, самимий мурожаат билан бошлайди:

“Шарқнинг мунаввар дурдонаси — Самарқанд шарафига! У қадимий Мароқанд — уч минг йиллик тарих давомида маданият, санъат, дин ва сиёсат маркази бўлиб келган буюк шаҳар! Шунингдек, ҳозирги кунда бу гўзал юртнинг меросини асраб-авайлаш, уни дунё маданиятининг ажралмас қисми сифатида сақлаб қолиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган Самарқанд раҳбарларига ҳам таъзим бажо келтираман”.

 Яна бир самимий мактуб Мексика пойтахти Мехикодан келди. Унинг муаллифи — таниқли олим, Мексика миллий автоном университети (UNAM) ҳузуридаги Физика институти профессори, ЮНЕСКО очиқ фан бўйича бошқарув қўмитаси раиси, Калинга мукофоти лауреати Ана Мария Сетто.

“Сўзимнинг аввалида самимий мактуб учун Сизга ташаккур изҳор этаман. Айниқса, 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясига Самарқанднинг мезбонлик қилаётгани билан сизни қутлайман. Ушбу тадбир жаҳон афкор оммаси эътиборини халқлар ўртасидаги тинчлик ва бағрикенглик тимсоли бўлган Самарқанд шаҳрига қаратади. Бугун бизга тинчлик маданияти ҳар қачонгидан ҳам зарур. Тинчликка фақатгина ҳақиқий мулоқот ва маданиятлараро алоқалар воситасида тафаккур ва амалларимизни зўравонлик, очкўзлик ва носоғлом рақобат муҳитидан тинчлик, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитига ўзгартиришириш йўли билангина эришиш мумкин”.

 Американинг машҳур олими ва ихтирочиси, интернет асосчиларидан бири, Google компаниясининг вице-президенти ва “Chief Internet Evangelist” компанияси етакчиси, доктор Винтон Грей Cерф Самарқандга бағишлаб қуйидаги сўзларни йўллади:

“Камина мактаб ўқувчиси бўлган кезларда шеърий журнал муҳаррири эдим. Менга Умар Хайёмнинг рубоийлари ҳамда инглиз шоири Самуэл Тейлор Колерижнинг “Кубла Хон” достони манзур эди. Ўзим шеър ижод этган чоғларимда эса Самарқанд ҳамиша узоқ ва сирли, тинчлик ва гўзаллик диёри сифатида эътиборимни ўзига жалб этарди. Ўшанда у менга ниҳоятда ғаройиб туюлган эди ва ҳамон шундайлигича қолмоқда”.

Машҳур француз журналисти, ёзувчи ва саёҳатчи Бернард Олливиер Самарқанд ҳақида қуйидагича ёзади:

“Самарқанд борасидаги хабарингиз учун миннатдорман. Сизнинг шаҳрингиз — менинг Ипак йўли бўйлаб саёҳатимдаги энг ёрқин лаҳзалардан биридир. Яна эллик йил ўтиб, узоқ Шарқнинг асл табиатини излаб, бу шаҳарга қайтаман”.

Дарҳақиқат, бундан тўлиқ чорак аср аввал, яъни 2000 йилда Бернард Олливер Самарқандга пиёда сафар қилган, уч минг километрдан ортиқ йўлни босиб ўтган.

Бу ҳайратомуз саёҳат кейинчалик “Vers Samarcande / Walking to Samarkand” номли машҳур китобга айланган.

 Боб Бимоннинг номи жаҳон спорти тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган. У 1968 йилда Мексикада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида 8 метр 90 сантиметр узунликка сакраб, 23 йил давомида янгиланмаган рекорд ўрнатган эди. Бу натижа ҳали-ҳамон Олимпия рекордчиси сифатида спорт тарихининг энг илҳомлантирувчи саҳифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Самарқанддан келган таклиф эса унинг юрагида янги илҳом уйғотди. Зеро, Самарқанд — нафақат тарихий шаҳар, балки бутун инсоният учун ғурур ва илҳом манбаи.

“Самарқанд – қанчалик узоқ бўлмасин, у ҳар доим юрагимга яқин” - Россиянинг “космик пойтахти” ҳисобланган, Самарқанднинг биродар шаҳри Самарадан самимий мактуб етиб келди.  Унинг муаллифи — Россия фан ва техника соҳасида хизмат кўрсатган арбоби, техника фанлари доктори, Самара давлат техника университети профессори Валентин Николаевич Михелкевич.

“Мени “Самарқанд ҳақида сўз” номли анъанавий равишда ҳар йили ўтказиладиган халқаро лойиҳада иштирок этишга таклиф қилганингиз учун сизга ташаккур. Не саодатки, йил мобайнида ажиб кун мавжуд бўлиб, киши афсонавий шаҳар билан мактублар алмашиш, унга бўлган чин муҳаббатини яна бир бор изҳор этиш имконига эга бўлади. Самарқанд мени эслаб турганини ҳис этиш нақадар ёқимли, лекин мен ҳам Самарқандни асло унутганим йўқ. Ахир, дўстларинг орасида оддий бир инсон эмас, балки бутун бир шаҳар бўлса, бўлганда ҳам қандай ажойиб шаҳар! Бундан ортиқ бахт борми?!

Самарқанднинг дўсти бўлиш мен учун шараф, ҳам масъулиятдир. Ана шу сўнгги ўнлаб йиллар давомида Самара шаҳридан туриб, мен Самарқанднинг улуғворлигидан мудом ҳайратга тушиб, унга ҳар гал қойил қоламан. У мен учун ҳамон бир сирли, шу билан бирга ниҳоятда яқин, қадрли ва азиз шаҳар бўлиб қолмоқда. Мен Самарқанд сингари асрлар ошмаган эсам-да (ахир, мен эндигина 99 ёшдаман!) бироқ мени у билан кўп жиҳатлар боғлайди. Ёши улуғ инсон сифатида мен Зарафшон водийсининг қадимий шаҳрида мужассам эстетик қудратни тобора аниқроқ ҳис этмоқдаман”.

Франциянинг таниқли тадқиқотчиси ва фотографи, Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси, Темурийлар санъати ва тарихи бўйича ассоциация президенти ва ҳаммуассиси Frédérique Beaupertuis-Bressand ўзининг “Самарқанд ҳақида сўз”ини шундай йўллайди: “Самарқанд мен учун оддий шаҳар эмас. У аллақачон менинг юрагимда ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган. Мана, орадан 37 йил ўтди — Парижда Темурийлар ассоциацияси ташкил топганига ҳам шунча бўлди. Бу 37 йил давомида чоп этилган асарлар, илмий тадқиқотлар, саёҳатлар ва бизнинг ўзбек дўстларимиз билан самимий дўстлик ришталари демакдир”.

У сўзи сўнгида самимий миннатдорлигини ифода этади:

 “ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси айнан Самарқандда ўтказилиши — бу тасодиф эмас. Бу танлов — шаҳар нурини бутун дунёга таратишнинг рамзий ифодаси”.

 Бу мактуб бир умр Самарқандни қалбида олиб юрган инсоннинг юрак изҳори. Frédérique Beaupertuis-Bressandнинг бу сўзларида бир ҳақиқат яширинган: Самарқанд — бу фақат ўтмиш шаҳри эмас, у ҳар бир қалбда порлаб турган нурдир.

 Анатолий Ионесов,

SIUT қошидаги “Инсон. Маданият. Тинчлик” илмий-маърифий маркази раҳбари,

 Асила Ибрагимова, SIUT матбуот котиби.