Ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга давлат томонидан субсидия берилади
Бу ҳақда давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда маълум қилинди. Таъкидланишича, 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади.
Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.
Бунга қўшимча равишда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига маҳаллий бюджетлар, “дафтарлар” жамғармалари ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу савобли ишларнинг қамровини кенгайтириш топширилди.
Президент ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан:
- 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади;
- ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади.