“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирди
Эслатиб ўтамиз, Қонунга кўра:
- ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт иншоотлари, дам олиш, шунингдек, туристик объектлардан бепул фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади;
- давлат ногиронлиги бўлган шахсларга, фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича чоралар кўради;
- давлат ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлайди;
- ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга;
- ногиронлиги бўлган шахслар имтиёзли шартлар асосида ижтимоий уй-жой олиш ҳуқуқига эга;
- меҳмонхоналарда камида битта хона ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланиши, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилиши таъминланиши шарт;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали маълум қилди.