Имконияти чекланганларнинг имконияти тор эмас
Самарқанд тумани марказида жойлашган касб-ҳунар мактаби имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган. Бу ерда ақлида, таянч ҳаракатида, шунингдек, эшитиши ва гапиришида нуқсони бўлган ўқувчилар касб-ҳунар ўрганади.
Ногиронлиги бўлса-да ишсиз эмас
Бу муассаса 2020-2021 ўқув йилида махсус ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи негизида ташкил этилди.
- Айни пайтда бу ерда 246 нафар ўқувчи олти йўналишда касб-ҳунар ўрганяпти, - дейди мактаб директори Алишер Бўлтаков. – Улар учун зарур шароитларга эга тураржой, ошхона, кутубхона, спорт зал, синфхоналар, ўқув-амалиёт устахонлари хизмат кўрсатиб келяпти. 30 дан ортиқ тўгараклар фаолият юритади. Ўқувчиларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташи, касб-ҳунарни чуқурроқ ўрганишини мақсад қилиб 20 га яқин корхоналар билан ҳамкорлик шартномалари имзолаганмиз. Ўтган йили мактабни тамомлаган битирувчиларимизнинг аксарияти шу корхоналарга ишга жойлашди. Ўзи яшайдиган ҳудудда ҳунармандчилик устахонаси очиб, ўзини-ўзи банд қилган битирувчиларимиз ҳам талай. Касб-ҳунар мактабида таълим олаётган ёшларимизнинг имконияти чекланган, аммо юртимизда улар учун кенг имкониятлар яратиляпти. Фақат уларга йўл-йўриқ кўрсатиш талаб этилади.
“Ўзим ўқиган мактабларга ҳомийлик қиламан!”
Касб-ҳунар мактаби ўқувчилари орасида нафақат Самарқанд, балки Жиззах, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан ҳам келиб таълим олаётган ёшлар бор.
- Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилганман, - дейди Ойбек Хушвақтов. - Шу тумандаги 19-махсус мактаб интернатида ўқиганман. У ердаги устозларим дурадгорликка бўлган қизиқишимни билиб, Самарқанддаги ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабида ўқишни давом эттиришимни маслаҳат берди. Бу ерда барча шароитлар яратилган. Мактабдаги устахона, шунингдек, мебель ишлаб чиқариш корхоналарида ўтилаётган амалиёт дарсларида стол-стул, сўри, хонтахта ва бошқа жиҳозларни ясашни ўргандим. Оилада 6 фарзандмиз, ота-онамиздан эрта айрилганмиз. Кўп қийинчиликларни бошимиздан ўтказдик. Келгусида ўзим кичикроқ устахона ташкил этиш, кейинчалик унинг фаолиятини кенгайтириб, катта корхонага айлантириш ниятим бор. Асосийси, мен каби қийналган болаларга ёрдам кўрсатишни, ўзим ўқиган мактабларга ҳомийлик қилишни мақсад қилганман.
Мактаб устахонасида тайёрланаётган оёқ кийимлар – ўқувчилар учун совға
Мазкур ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабида пойабзал ишлаб чиқариш устахонаси мавжуд бўлиб, бу ерда оддий ускуна ва қолиплар ёрдамида ўқувчилар томонидан турли хил оёқ кийимлари тайёрланади.
- Ўқувчиларимиз орасида ногиронлиги бўлса ҳам зеҳни ўткирлари талайгина, - дейди ишлаб чиқариш таълими устаси Ботир Ҳамидов. – Шу мактабни тамомлаган 8 нафар шогирдимдан 4 нафари пойабзал ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлашди. Уларга меҳнат бозорида талаб бўлмаган тақдирда ҳам уйларида ўтириб, косибчилик билан шуғулланишлари мумкин. Ўқувчиларимизга шу ҳунарни мукаммал ўрганишлари учун қўлимиздан келганча кўмак беряпмиз. Устахонамизда бир кунда 4-5 та оёқ кийим тайёрлаш имкони мавжуд. Сифати корхоналарда тайёрланаётганидан қолишмайди. Бу пойабзаллар маҳаллий аҳолининг буюртмаси асосида тайёрланяпти. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимлар эҳтиёжига қараб ўқувчиларимизга совға қилинади.
“Маҳалламиздаги хотин-қизларни иш билан таъминлайман!”
Муассасада касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчиларнинг 59 нафари эшитиши ва гапиришида нуқсони бор ёшлардир. Устозларининг айтишича, бошқа тенгдошларига қараганда уларнинг хотираси анча кучли бўлиб, қайси ҳунар бўлмасин тез ўрганиб олади. Шундай ўқувчилардан бири Севинч Бинаева билан сурдо таржимон ёрдамида суҳбатлашдик.
- Шу мактабнинг 202-гуруҳида ўқийман, - дейди у. – Бу ерда икки йилга яқин вақт давомида тикувчилик сирларини ўрганиб келяпман. Биринчи босқичда аёллар кийимларини тикишни ўргандик. Ҳозир эса болалар учун кийим-кечаклар тайёрлашни ўрганяпмиз. Қўлим анча келишиб қолди. Мактабни битириб, ўзим яшайдиган Қўшработ тумани Шована қишлоғига бориб, тикувчилик цехини ташкил этиш ниятим бор. Қишлоғимизда ишсиз бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга ҳаракат қиламан.
Ушбу ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабида тарих, информатика, физика ва бошқа умумкасбий ҳамда махсус фанлардан дарслар ўтилади. Дарс ва машғулотлардан бўш вақтларида ўқувчилар китоб мутолаа қилиши, турли спорт ўйинлари билан шуғулланиши, саёҳатларга чиқиши учун ҳам имкониятлар кенг.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).