Сабр ва матонат билан ўз йўлини топган инсон қиссаси

Иштихон туманининг Янгикент маҳалласида ташкил этилган маиший техника устахонаси шу ҳудудда яшовчи одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилди. Сабаби, шу пайтгача улар телевизор ёки телефонини тузатиш керак бўлса, туман марказига олиб боришга мажбур эди.

Аҳамиятлиси, бу устахонани биринчи гуруҳ ногирони Шуҳрат Нормуродов ташкил этган.

- Болалигимда полиомиелит касаллигига чалиниб, шу аҳволга тушиб қолганман, - дейди у. – Етти ёшимда даволанишим ва ўқиш-ёзишни ўрганишим учун ота-онам мени Тошкентдаги махсус шифохонага олиб борган. У ерда беш йил давомида муолажа ва бошланғич таълим олдим. Қишлоққа қайтгач, мен учун ҳаёт жуда зерикарли бўлди. Мактабга қатнайдиган тенгдошларимни кўриб, уларга ҳавас қилардим. Мен ҳам уйда ўтириб бўлсаям нимадир қилишим ва улардан кам бўлмасликка интилиш кераклиги ҳақида кўп ўйлардим. Ўн тўрт ёшимда радиотехника аппаратларини тузатишга бўлган қизиқиш пайдо бўлди. Бир уста акамга шогирд тушдим. Аввалига, 12 ваттли, ҳаёт учун хавфсиз бўлган оддийроқ радиоплеерларни таъмирлашни ўргандим. Кейинчалик магнитофон ва телевизорларни ҳам тузата бошладим. Бу жараёнда анчагина қийинчиликларга дуч келганман. Телевизорларнинг экранлари синиб ёки куйиб қолишлари кўп бўлди, аммо ортга чекинмадим. 16 ёшимда қишлоқда “телевизор уста” деган номга эга бўлдим.

Маҳаллада бу устани ҳамма бирдек ҳурмат қилади. У йиллар давомида аста-секин тажриба тўплаб, аҳоли орасида исмига монанд шуҳрат қозониб келяпти.

- Мактабда оддий ўқитувчи бўлиб ишлардим, - дейди маҳалла раиси Саидаҳмад Омонов. – Қишлоқ кайвониларининг маслаҳати билан икки йил олдин ўтказилган сайловда оқсоқолликка номзодимни қўйдим ва раис бўлдим. Лекин раислик осонмас экан. Эндигина иш бошлаган пайтимда қўл телефоним тинимсиз жирингларди. Кимки мурожаат қилса, қандайдир ёрдам сўрарди. Қонун доирасида ҳақиқий муҳтожларга кўмаклашишга ҳаракат қилардим, аммо бундай кишилар маҳалламизда камчиликни ташкил қилади. Ёрдам сўрайдиганларнинг айримлари соғлом, бақувват, гектар-гектар узумзорлари бор, ўзига тўқ оилалар вакилларидан эди. Қайсидир ҳайит байрамидан икки кун аввал, эрта тонгда телефоним жиринглади. Асабий ҳолатда кўтардим. Мулк қишлоғида яшовчи Шуҳрат ака экан. Салом-аликдан кейин у кишига нима ёрдам кераклигини сўрадим. У эса ҳеч қанақа ёрдам керакмаслигини, аксинча, маҳаллада кўмакка муҳтожлар бўлса, улар учун эҳсони борлигини айтди. Тўғриси, кўзимга ёш келди.

- Бирор марта қайсидир ташкилотга ёки сайёр қабулга ёрдам сўраб мурожаат қилмаганман, - дейди Ш.Нормуродов. – Оёқларим ҳаракатсиз бўлса-да, ўзимни ногирон ҳис қилмайман. Болалигимдан бировга муҳтож бўлмасликка ҳаракат қилдим. Ҳозир топиш-тутишим яхши. Авваллари фақат телевизор ва радио тузатган бўлсам, бугунги кунда замонавий телефонлар, чангютгич, кир ювиш машинаси, дазмол ва бошқа турли маиший техника воситаларини таъмирлаш қўлимдан келади. Бу ҳунарни чуқур ўрганиш учун 20 йил вақт сарфладим. Ҳалиям изланишдан тўхтаганим йўқ. Ота-онам кўмаги билан ҳовлимиз яқинида устахона қурилди ва зарур шароитлар яратилди.

Шуҳрат Нормуродов оилали. Икки нафар фарзанди бор. У турмуш ўртоғидан миннатдор.

- Янгангиз соғлом, у билан танишишимиз қизиқ бўлган, - дейди Шуҳрат ака кулиб. – Мен бир мижозга телефони тузатилиши учун экран алмаштирилиши кераклигини айтмоқчи бўлиб қўнғироқ қилганман. Адашиб бошқа бир қизга тушиб қолибман. Буни қарангки, унинг ҳам замонавий телефони устада бўлган, фақат бошқа устада. Шу тариқа у билан танишиб қолганман. Бир муддат телефон орқали суҳбатлашиб юрдик. Кейин муносабатлар мустаҳкамлана бошлагач, аҳволимни тушунтирдим. Шундан сўнг бу қиз менга қайтиб телефон қилмаса керак деб ўйладим. Йўқ, ундай бўлмади. Агар истасам, у менга турмушга чиқиб, умр бўйи бирга яшашга рози эканлигини айтди. Тўй қилдик. Турмуш ўртоғим туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира. Ҳам иш, ҳам рўзғор ташвишлари, шунингдек, менга эътибор қаратишга улгуради. Ундан миннатдорман.

Шуҳрат ака камтарлиги ва ўзини соғлом ҳис қилиб юриши учун ҳам шу пайтгача ногиронлар аравачасида ўтирмаган экан.

- Яқинда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари таклифи билан кўрикдан ўтиш учун туман тиббиёт бирлашмасига бордим, - дейди қаҳрамонимиз. – Кўрикдан ўтгач, ногиронлигим айнан полиомиелит касаллиги билан боғлиқ бўлгани учун, яъни қўлларим ҳаркатланиши сустлиги  сабабли марказ масъуллари менга аккумулятор билан юрадиган ногиронлар аравачаси берилишини айтди. Уларнинг бу таклифини рад этмадим. Ёшим ҳам қирқдан ошган, қиш кунларида қўлтиқтаёқ билан музда юриш қийинроқ бўляпти. Умуман, кейинги пайтларда мамлакатимизда биз каби имконияти чекланганларга қаратилаётган эътибордан мамнунман. Қўлимдан келганча халқимиз учун хизмат қилишга, соҳага қизиқиши бўлган ёшларни шогирдликка олиб билганларимни ўргатишга ҳаракат қиламан.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).