Нукусдаги фестивалда Самарқанд павильони ўзига хос ташкил этилди

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди. Унда 22 давлатдан 100 дан ортиқ бахши, оқин ва жировлар, бадиий жамоалар қатнашди. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудидан келган ижрочилар ўз санъатини намойиш этди.

Мазкур фестивалда вилоятимиздан ташриф буюрган иштирокчилар учун ажратилган ҳудудда вакилларимиз томонидан ташкил этилган Тиллакори мадрасаси, ҳунармандлар растаси, Самарқанд нонлари кўргазмаси иштирокчилар ҳамда томошабинларга манзур бўлди.

Фестивалда вилоятимиздан Шавкат Бобомуродов, Абдуалим Бекмуродов, Сайим Эргашев каби номдор бахшилар ва хонандалар муносиб иштирок этди. Театр актёрлари томонидан тайёрланган тарихий саҳна кўринишлари, Амир Темур ва Улуғбек сиймолари, мақом ансамблининг дилтортар куй-қўшиқлари, миллий анъана ва қадриятларимизни намойиш этаётган “Чавқи” ва “Бешқарсак” фольклор жамоаларининг чиқишлари томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.

Якунда фестиваль доирасида ўтказилган халқаро танлов ғолиб ва совриндорлари ҳамда қатнашчилари муносиб тақдирланди.