Нурободдаги носоз йўл шу йил октябрь ойига қадар таъмирланиши айтилди
Кеча, 5 март куни телеграм каналимизда "Тўрт километр йўлимизга тош-шағал тўкиб, дуомизни оладиган мутасадди тополмаяпмиз" сарлавҳаси остида мурожаат эълон қилинган эди.
Ҳолат юзасидан Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди:
"Мазкур мурожаат туман ҳокимлиги ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси масъуллари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.
Чорвадор маҳалласи, Ҳазармали қишлоғининг ички хўжалик йўллари давлат дастурлари асосида 7 километр, «Ташаббусли бюджет» маблағлари ҳисобидан 7,7 километр, ҳашар орқали 0,3 километр ички тупроқ йўллари тош-шағал қопламали йўлларга айлантирилган.
Видеолавҳадаги ички таъмирталаб тупроқ йўли Ҳазармали қишлоғини Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги Ҳардири қишлоғи билан боғловчи ички хўжалик йўли бўлиб, унинг жами узунлиги 11 километрни ташкил этади.
Бугунги кунда мазкур йўлнинг 7,7 километр қисми таъмирланган, қолган 3,3 километр қисми таъмирталаб аҳволда.
Ушбу таъмирталаб 3,3 километр ички хўжалик йўли манзилли дастурлар асосида жорий йилнинг учинчи чорак якунига қадар тош-шағал қопламали йўлларга айлантирилишини маълум қиламиз".