Нью-Йорк фанлар академияси академиги cамарқандлик фермерларга дарс ўтди
Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган илмий-амалий семинарда кластер усули ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Бухоро вилоятидаги “ВСТ Сluster” томонидан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари вакиллари, фермерлар ҳамда кластер тизимида фаолият олиб бораётган ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилди.
Семинарда кластер – интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш, қишлоқ хўжалик техникаларининг кластердаги аҳамияти, бу тизимни ривожлантиришнинг илмий-амалий тажрибаси ва пахтачилик кластерини ташкил қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Кластер – муайян йўналишдаги ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасининг маҳаллийлаштирилган ўзаро алмашинувчи элементи, – дейди “ВСТ Сluster” раҳбари, Нью-Йорк фанлар академияси академиги М.Раҳматов. – Ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластерли усули инновацион жараёнлар учун энг тўғри йўл. Шу боис, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари инновацион иқтисодиётни шакллантириш, бошқариш ва ривожлантиришда кластерлардан фойдаланади.
А.ПЎЛАТОВ.