Кластер: хом ашё тайёрлашдан тайёр маҳсулотгача
Бугун вилоятимиздаги 9 та кластер корхонаси пахта хом ашёсини етиштиришдан қайта ишлашгача шуғулланиб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Жорий йил 1 февраль ҳолатида, уларда 97949 тонна пахта қайта ишланиб, 31811 тонна тола, 50243 тонна чигит ҳамда 2986 тонна пахта момиғи тайёрланган.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда Иштихон туманидаги “Marokand Sifat Textile” МЧЖ кластер корхонаси мисолида пахта хом ашёсини қайта ишлаш жараёни билан яқинроқ танишиш имконияти яратилди.
2019 йилда ташкил этилган корхонада бугун 520 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Кластерда 2021 йил ҳосилидан 29740 тонна пахта қабул қилиниб, ҳозиргача 24094 тоннаси қайта ишланган. Бунинг ҳисобига 7362 тонна ип-калава, 12411 тонна чигит ҳамда 697 тонна пахта момиғи ишлаб чиқарилган.
— Биргина ип-калава ишлаб чиқариш корхонамиз йилига 11 минг тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга, — дейди кластер бош директори Шерали Ҳусанов. — Ўтган йилги ҳосилдан олинган 10 минг тонна пахтанинг 70 фоизини қайта ишлаб бўлдик. Аҳамиятлиси, ундан 26 хил турдаги ип-калава тайёрланади. Бу технологияни вилоятда биринчилардан бўлиб жорий қилганмиз. Шу боис маҳсулотимиз маҳаллий ва хориж бозорида харидоргир. Айни кунда Германия, Польша, Туркия, Хитой сингари давлатларга ип-калава экспорт қилмоқдамиз. Ўтган йилги экспорт қиймати 12 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Айтиш жоизки, кластер хом ашёни қайта ишлаш учун зарур бўлган воситаларнинг деярли барчасини ўзи ишлаб чиқаради. Хусусан, Франциядан келтирилган технологиялар асосида ташкил этилган замонавий лаборатория ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай маҳсулот сифатини янада яхшилаш, экспорт стандартларига мослаш имконини бермоқда.
— Пахта ип-калава ҳолига келгунича 6 босқичли қайта ишловдан ўтади, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича бошлиғи Шуҳрат Тошев. — Бу мураккаб жараён Германиядан келтирилган қурилмаларда амалга ошириляпти. Кластеримизнинг яна бир ўзига хослиги, унда бошқа корхоналардан фарқли равишда бирорта хорижлик мутахассис ишламайди. Барча ходиму раҳбарларимиз маҳаллий мутахассислар.
Кластерга қарашли трактор паркида 50 дона МТЗ-80 “Беларус” русумли трактор саф тортиб турибди. Корхона иш юритувчиси А. Каримовнинг таъкидлашича, барча транспорт ва техникалар дала ишларига шай ҳолатга келтирилган. Парк 200 дан ортиқ фермер хўжаликлари билан шартнома тузиб, мавсумий экин-йиғин тадбирларида қатнашмоқда.
Асқар Баротов.