Ишсизлик муаммосига ечим хорижга кетишми?
Ишсизлик натижасида қийналаётган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида зарур чоралар кўриляпти, аммо бу муаммога ечим хорижга кетиш деб ўйлаётганлар ҳам талайгина.
Паст Дарғом тумани Зангибойи маҳалласи аҳолисининг 1250 нафарини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади.
2024 йилда ҳудудимиздан ишлаш учун хорижга кетган ёшлар 42 нафар эди, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Жавлон Ражабов. – Улар билан ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилган суҳбатлар натижасида 23 нафарини қайтаришга эришдик. Уларга муносиб шароитлар яратишга ҳаракат қилдик. Жумладан, 10 нафари Самарқанд шаҳридаги саноат корхоналарига ишга жойлаштирилди. Бир нафари ҳунармандга шогирд бўлди. 2 нафари, яъни ака-ука Азизовларга 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди ва улар оилавий корхона ташкил қилди.
Маҳалла ёшларидан бири Самандар Азизов ҳали мактабда ўқиб юрган пайтларида бир сомсапазга шогирд бўлган. Ўшанда сомса тайёрлаш ва уни тандирда ёпиш сирларини қунт билан ўрганган эди. Мактабни тамомлаб, олий ўқув юртига ўқишга киролмагач, уни ишсизлик муаммоси қийнади. Хорижга кетишни масаланинг энг тўғри ечими, деб билди.
2024 йил бошида иш излаб Россияга кетдим, - дейди Самандар. – У ерда қурилиш соҳасида ишладим. Осон бўлмади. Тўғри, 500-600 доллар миқдорида пул топардим, аммо меҳнати оғир эди. Қийналиб юрган кезларимда маҳалламиз ёшлар етакчиси Ўзбекистонга қайтишимни, сомса тайёрлашни билганим учун ошхона очишда ёрдам беришини айтди. Қайтиб келдим ва ҳақиқатан ҳам имтиёзли кредит ажратилди. Акам билан ҳамкорликда ўзимиз йиққан маблағни ҳам қўшиб, маҳалламиз марказида ошхона ташкил қилдик. Ҳозир бу ерда миллий таомлар тайёрланяпти. Барча харажатлардан ташқари ўзимга 5-6 миллион сўм қоляпти. Яна қўшимча кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз. Ҳозирда бу оилавий корхонамизда 6 киши иш билан банд бўлса, келгусида ишчилар сонини 2-3 бараварга оширмоқчимиз.
Бу яхши, албатта, аммо ёшлар етакчисининг таъкидлашича, 2024 йилда меҳнат миграциясидан қайтган маҳалла ёшларининг 10 нафари яна хорижга кетган. Сабаби, бу ерда таклиф қилинган иш жойларининг шароити ва ойлик-маошлари уларни қониқтирмаган. Шундай қилиб, яқинда ўтказилган хатловга асосан айни пайтда маҳалланинг 30 нафар ёши хорижда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).