Нега фермернинг гўшт дўкони йўқ?
Янги йил байрами яқинлашган сари гўшт дўконлари гавжумлашяпти. Қассобларнинг бозори чаққон. Афсуски, талаб ошиши билан гўшт нархи ҳам қимирлаб қолди...
Ҳозир Пайариқдаги бозор ва дўконларда мол гўшити 70- 75 минг сўмдан сотиляпти. Байрам остонасида бундан ҳам ошса ажабмас.
Лекин негадир ҳеч ким “Нега нархни оширдинг, бу нархда эмас, арзон сот!” демайди. Айтадиган назорат органи ҳам, мутасадди ҳам бўлмаса керак. Бозор талаби бу, дейишади.
Тўғри, нарх талаб ва таклифдан келиб чиқади. Лекин давлат томонидан чорвачиликни ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, четдан наслли қорамоллар келтириш ва кўпайтиришга шунча эътибор қаратилаётган, имконият ва имтиёзлар яратилаётган бир пайтда нега нарх тушмайди, тушмаганда ҳам барқарор ушлаб турилмайди?
Ҳар бир туманда бугун катта-катта чорвачилик хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари бор. Аммо қани уларнинг гўшт дўконлари?
Мен Пайариқ туманида ана шундай гўшт сотадиган масканлар борлигини кўрмаганман. Бошқа жойларда-чи? Фермернинг гўшт дўкони борми?
Байрамлар олдидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Бу яхши, албатта. Ушбу ярмаркаларда асосан, фермерлар маҳсулот олиб бориб сотади. Ўша нарх уларни қаноатлантиради. Шундай бўлгач, нега бозорларда, савдо марказларида деҳқон ва фермерлар учун расталар, савдо дўконлари ажратиб берилмайди?
Шу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш вақти келмадими? Нима дедингиз?
Ҳусниддин Холдоров.