Фермер хўжалигига етказилган зарар туман ҳокимлиги томонидан қопланади
Бизнес-омбудсман Булунғур тумани ҳокимлигига нисбатан киритилган даъво бўйича судда ютиб чиқди.
Даъво ариза фермер хўжаликларининг ер участкасини олиб қўйилиши натижасида етказилган зарарни ундириш мақсадида киритилган эди.
Аниқланишича, туман ҳокимининг қарорига асосан фермер хўжаликларига 14,4 гектар ер майдони узоқ муддатли ижарага берилган. Бироқ, кейинчалик ҳокимлик томонидан фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман захира ерлари ихтиёрига қайтариб олинган бўлиб, етказилган зарар тўлаб берилмаган.
Фермер хўжаликлари боғдорчилик фаолиятига иҳтисослашган бўлиб, уларнинг ер майдонлари туман захира ерлари ихтиёрига қайтарилиб олиниши натижасида ер майдонида мавжуд бўлган 2056 туп мевали дарахт ва 1120 туп токзори бузиб ташланган.
Бизнес-омбудсманнинг Жомбой туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси натижасида Булунғур тумани ҳокимлигининг ҳисобидан фермер хўжаликларининг фойдасига 377 миллион сўмлик маблағни етказилган зарар учун компенсация сифатида ундирилиши белгиланди.