Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фермер кластерни танлайдими ёки кластер фермерни?

Икки ойдан буён бизни ана шу савол қийнайди. Қийнаса, майли, аммо ишимиз олдинга кетмаётгани, бугун деҳқончилик ишларини бажариш ўрнига папка қўлтиқлаб, у идорадан-бу идорага чопаётганимиз алам қилади.

Гап шундаки, биз, Пайариқ туманининг Челак ҳудудида жойлашган юздан зиёд фермер хўжаликлари 2020 йилда туманимиздаги “Пайариқ кластер” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузиб, ғалла, пахта хом ашёсини етказиб бердик. Бироқ кластер томонидан фермерларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади. Жумладан, кейинги 2-3 ойда ерни шудгорлаш учун ёқилғи, минерал ўғит, фермер хўжаликларининг техникалари учун эҳтиёт қисмлар етказиб берилиши юзасидан ёрдам берилмади. Ҳатто, топширилган пахта ҳосили учун пул маблағлари ҳам тўланмади, фермерлар барча харажатларни ўзларининг ҳисобидан амалга оширди. Хўш, бундай муносабатдан кейин фермер нима қилиши керак?

Албатта, ўзига қулай бўлган бошқа, фойдали йўлларни, жумладан, ҳамкор қидиришига мажбур бўлади. Айни ўша кунлари, яъни 2021 йил 16 ноябрда Президентимизнинг “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда бир ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоят) барча пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритишига ва фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузишга рухсат берилиши белгиланди. Шунга асосан ҳудудимиздаги 103 та фермер хўжалиги 2022 йил пахта хом ашёси етказиб бериш учун Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон кластер” масъулияти чекланган жамияти билан тегишли тартибда шартнома тузди. Шартномага кўра, ёқилғи, минерал ўғит ва техникаларимиз учун эҳтиёт қисмлар олдик. Натижада ерга минерал ўғит солиб, шудгорлаш ишларини якунладик.

Ер майдонимиз Пайариқ туманида бўлганлиги боис бизнинг “Каттақўрғон кластер” МЧЖ билан тузган шартномаларимиз Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши Пайариқ тумани бўлимининг ҳуқуқий масалалар ва шартномавий муносабатлар гуруҳи ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим экан. Биз шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун уларга мурожаат қилдик. Бироқ гуруҳ ва бўлим мутасаддилари турли баҳоналар билан ҳужжатларимизни қайтариб юборди. Жумладан, “Каттақўрғон кластер” МЧЖни Пайариқ туманига кўчириш ёки ушбу корхона филиалини туманимиз ҳудудида ташкил этиш зарурлиги, бироқ бу борада “Каттақўрғон кластер”нинг мансабдор шахслари туман ҳокимлигига мурожаат қилмаганлигини рўкач қилишди.

Шундан сўнг Пайариқ тумани ҳокимига мурожаат қилдик. Ҳоким бунга қарши эмаслиги, фақат туманда фаолият кўрсатиб келаётган хоҳлаган (туманда 2 та кластер корхонаси фаолият юритади) кластер корхонаси билан ихтиёрий равишда шартнома тузиб, ҳамкорликда ишлаш мумкинлигини билдирувчи жавоб хати берди. Шунингдек, вилоят адлия ва қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туман прокуратураси ҳам 2022 йил ҳосили учун пахта хомашёси етиштириш бўйича вилоятдаги хоҳлаган кластер корхонаси билан шартнома тузиб, фаолият юритиш мумкинлиги ҳақида жавоб хати йўллади.

Қоғозларда ҳаммаси қонунга мос, силлиқ. Бироқ амалда ҳамон “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутиляпти. “Каттақўрғон кластер” МЧЖ раҳбарлари биз, фермерлар билан бирга туман ҳокимлиги, масъуллари билан бир неча бор учрашди. Шундан сўнг ҳудудимиздаги фермер хўжаликларга яқин учта манзилда ўз хизмат кўрсатиш масканларини ташкил этди. Шу ердан минерал ўғит, техникаларимиз учун эҳтиёт қисм олдик. Айни пайтда ҳар гектар ерга 5 тоннадан маҳаллий ўғит солишимизга кўмак беряпти.

Шу билан бирга “Каттақўрғон кластер” МЧЖ ғўза қатор ораларига ишлов берувчи техникалар олишимиз ва артезиан қудуқлар ковлашимиз учун маблағ ажратишни кўзда тутган. Албатта, булар уларга етказиб берадиган пахта хом ашёмиз эвазига. Лекин гап ушбу маблағнинг ҳозирдан ажратилаётгани, бунинг натижасида ерларимиз ҳосилдор бўлаётгани, қишлоқ хўжалиги ишларини вақтида бажариш имкониятимиз кенгаяётганида.

Энди ўзингиз холис гапни айтинг: бундан ким наф кўради? Аввало, туман иқтисодиёти, фермерлар, бу хўжаликларда ишлаётган туманимиз аҳолиси эмасми? Ерларимиз ҳосилдор бўлса, суғориш учун артезианимиз бўлса, маҳсулот мўл бўлмайдими? Ваҳоланки, ғалла етказиб бериш бўйича Пайариқдаги кластер корхоналари билан ҳамкорлик қилаётганимизни эътиборга олсак, бу ҳам туманимиз учун ҳар томонлама фойдали. Мутасаддилар ана шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда бизнинг биргина илтимосимизга тўғри муносабатда бўлишса яхши бўларди. Сўраётган илтимосимиз эса битта: Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши Пайариқ тумани бўлимининг ҳуқуқий масалалар ва шартномавий муносабатлар гуруҳи ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими “Каттақўрғон кластер” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларимизни рўйхатдан ўтказишса бас. Муҳими, бу қонунга асло зид эмас.

Фарҳод Сайдиев,

Пайариқ туманидаги “Давлатбек нурли замин” фермер хўжалиги бошлиғи.