Одри Азуле: ЮНEСКОнинг Бош конференциясини Самарқандда ўтказишнинг ўзи тарихий

Самарқанд мезбонлигида ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ташкилот Бош директори Одри Азуле анжуманни ёритаётган оммавий ахборот воситалари ходимларига интервью берди.

- Ўзбекистон таклифига биноан ЮНEСКО тарихида, 40 йилда илк бор биз бош конференциямизни Париждан ташқарида, Самарқандда ўтказмоқдамиз, – деди Одри Азуле хоним. – Биз мана шундай тарихий босқични бошдан кечираётганимиздан жуда мамнунман. Бу ерда бутун дунё учрашмоқда, маданият, таълим, фан, ахборот атрофида бирлашмоқда.

Кеча Бош конференция сессиясини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда яна икки давлат раҳбари, кўплаб вазирлар иштирокида очишга муваффақ бўлдик. Ташкилотимизга аъзо давлатларнинг 180 дан ортиғидан вакиллар иштирок этмоқда, умуман, қатнашчилар 4500 дан зиёд. Ана шу рақамларнинг ўзи ҳақиқатан ҳам Самарқанд цивилизациялар чорраҳаси, дунё учрашадиган жой эканини кўрсатади.

Биз бу ерга ЮНEСКО ваколати доирасида дунё халқлари учун муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилишга тўпландик. Ва бу вазифани бугун нафақат ушбу минтақа, балки геосиёсатда муҳим ўрин тутаётган Ўзбекистонда амалга ошираётганимиз биз учун аҳамиятлидир.

Кеча Президент Шавкат Мирзиёев жаҳон миқёсидаги тадбирни очиб берар экан, бизни Ўзбекистон халқи номидан самимий кутиб олди, ўз мамлакатининг бой тарихи, интеллектуал, илмий билимлар, бадиий ижод соҳаларидаги меросини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга бутун дунё халқлари келажаги учун муҳим бўлган ташаббусларни таклиф қилди. Жумладан, янги технологиялар, сунъий интеллект билан боғлиқ ишларимизни янада такомиллаштириш бўйича, шунингдек, Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган мактабгача таълим соҳасида ташаббусларни билдирди. Ва бу билан сессиямиздаги муҳим мавзулар муҳокамаларини жуда ижобий руҳда бошлаб берди. Биз бундан мамнунмиз, зеро, ЮНEСКО доимо олдинга интилувчи, замон тараққиётини олдиндан кўра биладиган ташкилотдир. Масалан, биз 2018 йилдан буён сунъий интеллект устида ишлаяпмиз ва бугун бу соҳада бирмунча натижаларга ҳам эришдик.

ЮНЕСКО Бош директори нима учун бу бош конференцияни тарихий деб ҳисоблаши ҳақидаги саволга жавоб берар экан шундай деди:

– Ҳа, бу тарихий сессия. Тарихийлиги, яна бир бор таъкидлайман, 40 йил ичида биринчи марта Парижда – ЮНEСКОнинг штаб-квартирасида эмас. Бизнинг бу ерда эканлигимиз Ўзбекистоннинг таклифи туфайли. Улар бу таваккални ўз зиммаларига олиб, дунёни бу ерда кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўришди ва бунинг уддасидан чиқишди. Ташкилотимизга аъзо давлатлар вакиллари, бутун дунёдан одамлар Самарқандга маданий меросни, сув масаласида ҳамкорликни, таълим ва сунъий интеллект бўйича нималар қилишимиз кераклигини муҳокама қилиш учун Самарқандга келишди.

Биз бу ерда ЮНEСКОнинг кейинги икки йиллик бюджетини тасдиқлаймиз. Бу охирги саккиз йил ичида ресурсларимизни икки баравар оширганимиздан кейинги ажойиб бюджет эволюциясидан сўнг амалга оширилмоқда. Биз келажакка назар ташлаймиз.

Айтишим керакки, ушбу сессия ташкилотимизнинг янги раҳбарини ҳам тасдиқлайди. Мен учун эса Бош директор сифатидаги сўнгги умумий конференциям Самарқандда ЮНEСКО ва Ўзбекистон ўртасида яқин дўстлик ва аъло даражадаги муносабатлар қарор топган шароитда ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга. ЮНEСКОнинг ушбу Бош конференциясини нафақат бугун, балки асрлар давомида муҳим бўлган Самарқандда ўтказишнинг ўзи тарихий, деб ҳисоблайман.