Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари сайланди
Хабар берилганидек, бугун Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган бир қатор ташкилий масалалар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Маълумки, Сенат Раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлишига оид конституцион норма мавжуд. Шу боис, сенатор Мурат Каллибекович Камаловни Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сайлаш тўғрисида таклиф, Президентимиз томонидан тақдимнома киритилган.
Мурат Камалов 1955 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Олий маълумотга эга ҳуқуқшунос сифатида кўп йиллар масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.
Жорий йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати этиб, 2 октябрь куни Жўқорғи Кенгеснинг давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида Жўқорғи Кенгес Раиси этиб сайланган.
Мажлисда сенаторлар томонидан М.Камалов номзоди бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабарига кўра, қонун талабларига мувофиқ яширин овоз бериш орқали 72 та овоз билан сенатор Мурат Каллибекович Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари этиб сайланди.