Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий таълимга йўл академик лицейдан бошланади

* Қабул давлат тест маркази орқали

* Лицейда “ректор соати” бўлади

* Яхши ўқитувчи 100 фоиз устама олади

* Академик лицейнинг рейтинги бўлади

Қабул давлат тест маркази орқали

2020 йилнинг 3 декабрида Президентимиз томонидан “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Қарорда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб  иқтидорли ёшларни академик лицейларга танлаб олишда  жиддий ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланди. Бу янгиликлар ҳозиргача амалда бўлган тартиблардан бир қанча жиҳатлари билан фарқ қилади. Айни пайтгача лицейларга ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган низомга биноан ўтказиларди. Бунда асосий ишни академик лицей қошида тузиладиган комиссия бажарарди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари асосида амалга оширилади. Фан олимпиадалари, танловлар ғолиблари ва фанларни ўзлаштириш сертификатига эга бўлган мактаб ўқувчилари учун лицейга қабул қилишда имтиёзлар мавжуд. 

Академик лицейларга ҳужжат топширувчиларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади. Академик  лицейнинг тегишли йўналишида ўқиш учун келиб тушган аризалар сони белгиланган қабул параметрига 2:1 нисбатдан кам бўлган ҳолларда мазкур йўналиш бўйича қабул параметрлари тегишли ўқув йили учун аризалар сонига нисбатан икки баравар қисқартирилиши(бундан мазкур йўналиш учун бир академик гуруҳ ўқувчилари сонига тенг бўлган ҳоллар мустасно) белгилаб берилди.

Бу банд иқтидорли ёшларни саралаб олишда ҳақиқий рақобат муҳитини юзага келтиради ва пировардида  муносиблар танланишига имконият яратади. Ҳолбуки, шу пайтгача баъзи лицейларнинг айрим йўналишларида ўқувчиларни саралаб олиш даражаси анча паст эди. Чунки, қабул параметридаги ўринлар сонига нисбатан тушган аризалар унчалик кўп бўлмас, гоҳида  етмай қоларди. Ноилож, ариза топширганларнинг  барчаси, билими қандайлигидан қатъи назар, лицейга қабул қилинарди. Иқтидори етарли бўлмаган бундай ўқувчилар ўқув дастурларини ўзлаштиришда қийналишиб, педагогик жамоа учун ҳам муаммолар туғдирарди. Янги қарорнинг амалга татбиқ этилиши бу каби камчиликларга барҳам беради. Шу билан биргаликда ўқувчиларни саралаб олишда адолат ва шаффофлик таъминланади.

Лицейда “ректор соати” бўлади

Қарор билан танишар экансиз, унда таълим сифатини оширишга қаратилган аниқ ва долзарб вазифалар белгилаб берилганига гувоҳ бўласиз. Жумладан, умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соатини ошириш ҳамда улар улушини камида 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Олий таълим муассасаларининг турдош таълим йўналишларида такроран ўқитиладиган фанлар академик лицейлар ўқув дастуридаги тегишли фанлар билан унификация қилинмоқда.

Шу пайтгача академик лицейлар номига тегишли олий ўқув юрти қўшиб айтилса-да, амалда ўртада кўз илғамас бўшлиқ бор эди. Баъзи олийгоҳ раҳбарлари академик лицейлар муаммоларини ҳал қилиш, кўмак кўрсатиш, ўзаро ҳамкорлик масалаларига  етарлича эътибор қаратмади. Бу ишларнинг аксарияти  қоғозда қолиб кетди. Икки йил давомида бирор марта академик лицей ўқувчилари  ва ўқитувчилари билан учрашув-мулоқот ўтказмаган олий ўқув юрти раҳбарлари ҳам афсуски учради.

Янги қарор ўртадаги узилишга барҳам берибгина қолмай, олий ўқув юрти билан академик лицейни бир-бирига янада яқинлаштиради, таълим сифатини оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорликни кучайтиради. Қарорда олий таълим муассасалари проректорлари (филиал директори ўринбосарлари), кафедралари ўз йўналишлари бўйича академик лицейлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва назорат қилиш учун масъул этиб, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, шу жумладан раҳбар ходимлари академик лицейларнинг дарс машғулотларига жалб қилиниши белгилаб қўйилгани академик лицейлар нуфузини кўтаришда муҳим омил бўлади, десак янглишмаймиз.

Олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректори (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳисобланиши, академик лицейларда ҳар ойда камида бир маротаба бевосита олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан академик лицей ходимлари ва ўқувчилари иштирокида «ректор соати» ўтказиб бориш вазифасининг қўйилиши бу – олийгоҳ билан академик лицейни чамбарчас боғлайди, мақсадлар муштараклигини  руёбга чиқаради. 

Яхши ўқитувчи 100 фоиз устама олади

Қарорда академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш учун илғор хорижий мамлакатлар малакали экспертлари жалб қилинишига урғу берилган, 2021 йилдан бошлаб пешқадам хорижий мамлакатлар, шу жумладан Финландиянинг малакали экспертларини жалб қилган ҳолда ҳар йили академик лицейлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган «Йўл харита»сини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси белгилангани диққатга сазовордир.  Бу тизимга  янгича қарашлар, илғор технологиялар кириб келаётганини англатади.

Қарорга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2021 йил 1 январдан бошлаб академик лицей педагоглари ва ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари асосида амалга ошириладиган бўлди. Бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасасининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари, жумладан тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан академик лицейларда ўрнак кўрсатган педагог ва ходимларга лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланишига изн берилмоқда. Бунинг замирида самарали ва намунали меҳнатга нисбатан рағбатдан ташқари ўқитувчида ўз устида ишлаш, ташаббускорлик кўрсатиш, янги педтехнологияларни қўллашга бўлган интилишни қўллаб-қувватлаш мужассам.

Академик лицейларнинг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD), шунингдек, фан доктори ёхуд фан доктори (DSc) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган педагог ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра олий таълим муассасаси катта ўқитувчисига тенглаштирилди.

Академик лицейларга бюджетдан ташқари, шунингдек олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иқтидорли педагогларнинг хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш, шу жумладан онлайн курсларда ўқиши билан боғлиқ харажатларни тўлиқ ёки қисман қоплаш имкониятлари берилмоқдаки, бу ҳам ўқитувчи салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.

Академик лицейнинг рейтинги бўлади

Академик лицейларда гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, ўқув маш-ғулотлари, имтиҳон жадваллари, ўқувчилар ўзлаштириши, давомати, диплом ва академик маълумотномаларни рақамлаштиришни назарда тутувчи ахборот тизимини жорий этиш кўзда тутиляпти. Шуниси диққатга сазаворки, бу таълимда самарадорликни таъминлашга хизмат қилибгина қолмай, тизимдаги маълумотлардан ота-оналарнинг ҳам бемалол танишиш имкониятини яратади. Натижада ота-оналар фарзандининг лицейда қандай ўқиётгани, дарслардаги иштироки бўйича бохабар бўлиб борадилар.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларнинг республика бўйича рейтинги юритилиши белгилаб қўйилди. Бу ўзаро рақобат ва мусобақа муҳитини юзага келтириши табиий. Қарорда рейтинг натижалари бўйича узлуксиз 3 йил давомида таълим сифатига оид кўрсаткичларида салбий динамика кузатилган сўнгги 5 та ўриндан бирини эгаллаб келган академик лицейлар бошқа олий таълим муассасаси тасарруфига ўтказилиши ёки бошқа турдаги таълим муассасаси сифатида қайта ташкил этилиши белгиланган. Мазкур  талаб   академик лицей жамоасини бир қадар ҳушёр торттиради, таълим сифат кўрсаткичини ошириш учун жиддий ҳаракат қилишга, жавобгарликни ҳис этишга даъват этади.

Маълумки, таълим ва тарбия бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Бирисиз иккинчисини тасаввур қилиш қийин. Қарорда ўқувчи ёшларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш билан биргаликда ўқувчиларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ватанпарварлик, изланувчанлик ва яратувчанлик руҳида тарбиялаш масаласи ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Қарорда белгилаб берилган кенг кўламли вазифаларнинг айримлари бўйича мухтасар фикр юритдик, холос. Унда академик лицейлар умумий фаолиятини такомиллаштириш, ўқитиш сифат даражасини ошириш бўйича  бандма-банд  жуда кўп йўналиш ва вазифалар белгиланган. Умуман олганда, бу ҳужжат  академик лицейлар фаолиятини ислоҳ қилиш борасидаги жиддий ва катта одимнинг бошланишидир.

Амрилло АҲМЕДОВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали академик лицейи директори ўринбосари.