Олийгоҳ сайтининг мобил версияси ишга туширилади

Кеча, 8 январь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали директори талаба-ёшлар билан учрашди. Филиал директори талабаларни қийнаб келаётган муаммоларни тинглаб, уларга ечим топишда ёрдам беришини айтди.

- Энди ҳафтанинг ҳар чоршанба куни талаба-ёшлар куни бўлади. Талабаларни йиғиб, минбарда соатлаб нутқ сўзламасдан, ўқув хоналарига кирган ҳолда ҳар бир талабани тинглаймиз, - деди филиал директори О.Муртазаев. – Уларнинг ҳар бир таклифини қўллаб-қувватлайман. Ёшларнинг инновацион ғоялари кўп. Фақат биз уларга тўғри йўл кўрсата олишимиз керак. Шу билан бирга таълим жараёнида коррупциянинг олдини олиш мақсадида тизимли лойиҳалар ишлаб чиқишимиз зарур.



- Талабаларнинг замонавий таълим олишида қулайлик яратиш мақсадида ўқитиладиган мавжуд фанларнинг ўқув-услубий мажмуалари 100 фоиз электрон кўринишга ўтказилди. Бу биз учун жуда катта қулайлик яратди. Фақат бизда интернет сифати пастлиги боис филиал сайтига кириш бироз қийинчилик туғдиряпти. Бунга қандай амалий ечим изланмоқда? - дея мурожаат қилди филиал талабаси Меҳрож Собиров.

- Ушбу қийинчиликларни инобатга олган ҳолда филиал сайтининг мобил версияси яратилди ва ҳозирда бу синовдан ўтказилмоқда, - деди директор. - Сайтнинг мобил версиясида сайтга кириш, маълумотларни юклаб олиш ҳам анча қулай. Бунинг учун талабалар ушбу мобил версияни юклаб олишса бас.

Учрашувда талабалар томонидан йўлланган турли саволлар, таълим сифатини ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали матбуот хизмати.